YouTube видеохостинги АҚШда сунъий интеллект (СИ) ёрдамида ёшни текширишнинг янги тизимини жорий этди. Бу ташаббус вояга етмаганларнинг муайян функциялар ва контентдан фойдаланишини чеклашга қаратилган, ҳатто уларнинг профилидаги маълумотлар вояга етганлигини кўрсаца ҳам. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

Агар платформа алгоритмлари фойдаланувчининг 18 ёшга тўлмаганини аниқласа, унинг ҳисоби бир қатор чекловларга дучор бўлади. Хусусан, бундай фойдаланувчиларга фақат шахсийлаштирилмаган рекламалар кўрсатилади, томоша вақтида танаффус қилиш кераклиги ҳақидаги эслатмалар автоматик равишда фаоллаштирилади ва видео юклаш ёки фикр билдириш пайтида махсус махфийлик огоҳлантиришлари пайдо бўлади. Бундан ташқари, платформа потенциал номақбул контентга эга видеоларни камроқ тавсия этади ва “18+” деб белгиланган видеоларга киришни бутунлай тақиқлайди.
Ёши нотўғри аниқланганига ишонган фойдаланувчилар учун текшириш механизми мавжуд. У давлат шахсий гувоҳномаси фотосуратлари, ҳужжат билан солиштириш учун селфи ёки вояга етганликни тасдиқловчи кредит карта маълумотларини юклаш орқали шахсни тасдиқлаш имкониятини ўз ичига олади.
YouTube тўпланган маълумотлар реклама мақсадларида ишлатилмаслигини ва тизимнинг ўзи ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг илғор усуллари билан ҳимояланганлигини таъкидламоқда. Бироқ, бу ишонтириш баъзи фойдаланувчилар ва рақамли махфийлик бўйича мутахассисларнинг хавотирларини тўлиқ бартараф эта олмади. Ижтимоий тармоқларда аллақачон #boycottyoutube хештеги остида платформани бойкот қилишга чақириқлар янграмоқда. Мутахассислар эса шахсий маълумотларни узатиш билан боғлиқ эҳтимолий хавфлар ҳақида огоҳлантирмоқда.
Баъзи фойдаланувчилар янги тизим ишга туширилгандан сўнг аллақачон автоматик чекловларга дуч келишган. Масалан, 20uptils тахаллуси остидаги Reddit фойдаланувчиси ўзи томоша қиладиган контентнинг аксарияти ҳужжатли, тарихий ва янгиликлар дастурлари, шу жумладан сиёсий дастурлардан иборат бўлишига қарамай, ўз ҳисобига кириш чекланганлигини маълум қилган.
Махфийлик масалаларидан ташқари, жамоатчилик муҳокамаси YouTube огоҳлантирувчи ойналарининг визуал дизайнига ҳам қаратилган. Кўплаб фойдаланувчилар ишлатилган расмларга танқидий баҳо бериб, уларни жозибадор эмас деб аташди. Масалан, Reddit’даги шарҳловчилардан бири бу “мен кўрган сунъий интеллект томонидан яратилмаган энг хунук нарса” эканлигини киноя билан таъкидлаган.
Бундан аввал Австралия ҳукумати 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларга YouTube’да аккаунт очиш тақиқини жорий қилаётгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)