Тараққийпарвар уламо, ўлка озодлиги йўлидаги курашларда иштирок этган, маърифатпарвар жадидлар билан бир сафда сиёсий кураш саҳнасида бўлган Садриддинхон муфти Шарифхўжаев ҳақида «Дарё» колумнисти, тарихчи олим Баҳром Ирзаев ҳикоя қилади.

Чапдан ўнгга: Саидносир Миржалилов, Муфти Садриддинхон, тошкентлик талаба Қобил. 1918 йил, Истанбул

Фото: Баҳром Ирзаев

Садриддинхўжа 1877 йил Тошкентнинг Мерганча маҳалласида таниқли уламо ва қозикалон Шарифхўжа эшон хонадонида дунёга келган. Аввал эски мактабда, сўнг Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ўқийди. Замона зайлига мувофиқ Тошкентдаги биринчи сонли 4 йиллик рус-тузем мактабига кириб, Оврўпо илм-фани янгиликлари билан танишади, рус тилини мукаммал ўрганади. Шундан сўнг Бухорога йўл олиб, 1905 йилгача Мир араб мадрасасида таҳсилни давом эттиради. Садриддинхон бу вақтда жадид тараққийпарварлик ғоялари билан танишади. Тошкентга қайтгач Юнусхон мадрасасида мударрис ва имомлик қилади. 1914 йилдан Эшонқули мадрасасида бош мударрис ва муфти рутбасини олади. Муфти Садриддинхон ҳам тараққийпарвар уламолардан бўлиб, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг яқин дўсти ва ҳаммаслакларидан эди.

1916 йил Туркистонда мардикорчиликка қарши қўзғалон вақтида Садриддинхон муфти ўзининг халқ томонида эканлигини очиқ баён қилади ва жадид тараққийпарварлари билан бир сафда сиёсий кураш саҳнасига киради. 1917 йил март ойида Мунавварқори Абдурашидхон ўғли томонидан «Шўрои Исломия» жамияти таъсис этилганида унга биринчилардан бўлиб аъзо бўлади. Туркистондаги илк сиёсий партия«Турк адам марказияти»нинг дунёга келишида бош-қош бўлади. Қўқонда иш бошлаган Туркистон Мухторияти ҳукуматида президиум аъзоси сифатида Мухториятни Туркистон мусулмонларининг ягона ҳокимияти сифатида тан олиниши учун тинимсиз маърузалар қилади. «Уламо жамияти»нинг айрим мутаассиб вакилларида Мухториятга нисбатан ишончсизлик ортиб бораётганлиги туфайли Тошкентга қайтиб, тараққийпарвар уламолардан «Фуқаҳо жамияти»ни тузади. Жамият Туркистон Мухториятини ўлкадаги ягона сиёсий куч сифатида тан олишини эълон қилади. Болшевикларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, айниқса, Фарғонада вазиятнинг қалтислашиб бориши жараёнида ўз замонасининг йирик уламоси бўлган муфти Садриддинхўжа Шарифхўжа қозикалон ўғли 1918 йилнинг февраль ойидан «Фуқаҳо жамияти»нинг нашри афкори сифатида «Изҳор ул-Ҳақ» журналини нашр эта бошлади. Илк сонлариданоқ Туркистон мусулмонларининг севимли нашрига айланган журнал ўз саҳифаларида нафақат диний, балки ўткир иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга ҳам кенг ўрин беради. Жумладан, муҳаррир муфти Садриддинхоннинг «Дафъи таҳлика» мақоласида:

Оврўпо муҳорибаси бошланганига тўрт йил бўлган бўлса, йилдан йилга бечора халойиқ, хусусан, Туркистон мамлакатида мутаватан ислом болалари фақир ва зарурат лойига ботиб турубдурлар. Очлик ва қаҳат балосидин ҳар кун неча минг ва балки милюнлаб ғариб ва ғураболар кўча бакўча кезиб шаҳардин шаҳарга юриб «оҳ нон» деюб гадолик қилмакдадурлар. Очлик ва совуқдан бир парча нонга зор бўлиб, ҳар кун ва ҳар замон неча минг муслим ва муслималар саби ва сабиялар ниҳоятда фоже’ бир аҳволда бу дунёга видў қилмакдадурлар... Жаноб пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмон киши шул кишидурки, Аллоҳ таолодин сўрайдур ва ўзи ато қилмайдур. Ёмон киши шул кишидурки, аҳли аёлларига (бор давлати бирлан) торлиқ қилғувчидур».

Бас, шундай бўладурғон бўлса, ҳар кимса қўлидин келғонча Аллоҳ таоло берғон мол ва давлатидин фақир ва муҳтожларга ёрдам қилмоқ ўзининг хеш ва ақраболариға шафқат ва марҳамат қилмоқ лозим бўлодур. Ҳозирги замонамиздаги «потрибител» деганлари очмоқ, ондин фақир оч халойиқға озуқ ва бошқа тириклигиға лозим ашёларни арзон баҳо бирлан беруб турмоқ, фақир ва мискинлар учун қозон қуруб ош улашмоқға ўхшаш ишлар ҳам бир нав ёрдам бўладур, дейди.

«Изҳори ҳақиқат ва иршод» мақоласида эса:

...Ҳазрат расулаллоҳ «иннамал мўминин ал иҳватун» ояти каримаси ила ихватун ва садоқатға ташвиқ ва тарғиб қилиб... Аллоҳ таоло қудрат болғаси ила аларни иттифоқға солиб жумлаларин муҳаббат ипиға боғлади, ким барчалари якдил ва бир жисм каби бўлдилар.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шул тариқа қавмға мабъус бўлғон эдилар, ким ҳамийят жоҳилийятлари ҳаддин ошган ва бир-бирларидин қочган бир одамни бир киши бир мушт урса, онинг тарафидин қабиласи ўчин олмак учун урушуб ўлдиришган. Алҳосил, одатлари доимо хусумат зўр маҳоба урушмалар бўлуб турган. Баъзилари баъзиларига ғаюрлик қилур эрдилар.

Вақтики мусулмон бўлиб Аллоҳға, Расулуллоҳға, қиёмат куниға иймон келтурдилар. Аввалги қабиҳ ҳолидин ўзгарилдилар, бузуқ ва расво хулқлари йўқолуб, ўрниға севиклик яхши хулқлар ўрунлашти ким бор ҳимматлари ва назаргоҳлари Аллоҳ ва Расулаллоҳнинг тоатлари бўлди...

Ушбу суратда ислом динин қувват ва ғалабасиға мадор бўлғон иттифоқ ва ихтилофнинг доимо собит ва мустаҳкам бўлмоқи учун иттифоқни йўқотатурғон ахлоқларни ҳар қаюсин нас Қуръон ва ҳадиси набавия ила ҳаром қилинди. Чунончи, муҳаббатнинг зидди адоват, душманлик энг буюк фалокатдурки, ҳар жойға кирса хароб қилмай қўймас. Хусусан, ислом оламиға кирса тездан онинг ҳисор қўрғонин бузар ва чиқмас, ақл ҳукмида ва ҳам шариатда жами’ ахлоқи сиёҳларнинг манбаи ва хазинаси адоватдурки, ҳасад, баъзан ғийбат ва бўҳтон, чақимчиликларға ўхшаш ёмон хулқлар адоватдин қайнаб чиқодур. ... Агар дини исломға ихлос ила киришиб амал қилинган бўлса эди, шариат қайтарган ғийбат ва шикоят, бўҳтон ва ифтироларга тил очилмас эди. Ислом тараққий ва таолийсиға мадор бўлғон иттифоқ ва иттилоф йўлин ахтариб қаро халқни бир тоифа ватан муҳаббатиға киришган зотларға қарши югуртиб, ўрталариға адоват тухмин сочилмас эди. Балки, қўлдан келган даражада аларни муҳаббат ва дўстлик йўлиға солинур эди.

Ўткан сана мардикор масаласи чиқғонда ҳамма шайх-у йигитларимиз кеча ва кундуз болаларимиз мардикорға борур экан деб, ашк дийдалари ила дуода бўлуб, болаларин ғамида неча ойғача ухламай дуода бўлғон зотлар ушбу замонда кеча ва кундуз дуо-ю бадға қўл очар бўлдилар. Бу нечук ҳолат ҳозирда фақат бошларға эмас балки балойи ом бўлиб бой ва фақир, катта ва кичикларға тушкан таҳликалар кўзға кўрунмай очлик ва ялонғочлик эска тушмай дуо-ю наҳиларни унутиб, ислом олами бир-бириға нон ўрниға ҳақорат ва сафоҳатлар улашурлар, бу ишлар фитна эмасми.

...Агарда муқобилларидаги бир мусулмонга бирор кулфат эришса олам-олам хурсанд ва масрур бўлурлар. Ваҳоланки дини шарифимиз нас қоте’ билан танбиҳ қилиб ҳар қаю ерда бўлса бўлсун бирор мусулмонга кулфат ва ўлум етушса анга ҳар сурат бирлан ёрдамда бўлмоқға буюродур. Бу на инсоф турур, на иш қилмоқчимиз ва қайси йўлға бормакчимиз, дейди.

Минг афсуски, Туркистон аҳлининг қарийб асрий орзуси ушалмади. Болшевиклар замонавий қуроллар ва қолаверса, айрим хоин кимсаларнинг хиёнати туфайли халқнинг Мухторият орзусини қонга ботиришга муваффақ бўлди. Бироқ қалбида дин, Ватан ва миллат муҳаббат жўш урган фидойи инсонлар асло мағлубиятга рози бўлмади. Шундай зотлардан бири муфти Садриддинхон 1918 йилнинг баҳорида Мунавварқори Абдурашидхонов маслаҳати билан Туркияга йўл олади ва Туркиядаги қардошларга Туркистонда кечаётган хунрезликлар ҳақида хабар етказади. Улар «Шўрои Исломия»нинг яна бир вакили Туркистон Мухториятининг ғазначиси бўлган Саид Носир Миржалилов билан бирга ёз давомида Истанбулда Нури пошо, Азизбей орқали Туркиянинг хавфсизлик министри Талъат пошолар билан мунозаралар олиб боради. Бироқ бу пайтда жаҳон урушида мағлуб томон бўлган Туркиянинг ўзида ҳам аҳвол оғир эди. Шу туфайли музокаралар самарали кечмайди. Туркия ҳукумати вакиллари бевосита ёрдам бера олмаса ҳам улардан ҳайъат тузиб, Женевага «Миллатлар лигаси»га юбориши ва у ерда Туркистонни советлардан ажратиб олиш масаласини кўтаришига ёрдам бериши мумкинлигини айтади. Айни пайтда «Уламо жамияти» томонидан Шерали Лапин юборган Нуриддинбек Худоёрхонов ва Ғози Олим Юнусовлар ҳам Истанбулда эди. Улар Туркия томонининг Женева таклифини рад этади. Ўзларининг Туркия ҳукуматидан озодлик кураши учун ёрдам олиш мақсадида келганларини айтиб, Тошкентга қайтишади. Муфти Садриддинхон ва Саид Носир Миржалиловлар Тошкентга хабар юбориб, муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийни маълум ваколатлар билан Истанбулга юборишларини сўрайди. Афсуски, бу гал ҳам душман бир қадам олдинда эди. Беҳбудий ҳазратлари муқаддас йўлда шаҳид қилинади...

Чапдан ўнгга ўтирганлар: 1. Абдукарим мингбоши 2. Қул Ариш 3. Муфти Садриддинхон 4. Таваккул Бобир. Тик турганлар: 1. Берди Татўғли 2. Аннамуҳаммад. 1930 йил. Машхад.

Фото: Баҳром Ирзаев

Тошкентга келган муфти Садриддинхон Туркистон Республикаси Халқ суди Кенгаши аъзоси бўлади, Юнусхон мадрасасида мударрислик, Ширинқудуқ маҳалласида имомлик қилади. Бироқ истиқлолни қўлдан беришга асло рози бўлмайди. Ўзи учун қанчалик хавфли бўлишига қарамай Мунавварқори билан «Миллий иттиҳод» ташкилотини ривожлантиришга киришади. 1920 йилнинг кузида Мунавварқорининг Бухорога юборилиши «Миллий иттиҳод» ишига ҳам зарба беради. 1921 йилнинг 6 март куни амалда «Миллий иттиҳод»нинг раиси бўлган муфти Садриддинхон Абдулла Зиёмуҳаммедовнинг уйида шогирдлари оренбурглик Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов ва Муҳаммадёр Муҳаммадумаровлар билан Шарқий Туркистондаги Япония ва Буюк Британия консуллари номига хат тайёрлайди. Хат «Миллий иттиҳод»нинг муҳри билан тасдиқланиб, Ориф Каримий, Юсуфбек Қурбонов томонидан Ғулжага йўлланади.

Буюк Япония ҳукуматининг Ғулжадаги вакили муҳтарамина!

Ўрта осиёлик Туркистон аҳолилари ярим аср муддат ичинда Руссия ҳукумати золимонаси таъсири ила ҳунар тараққийсидан маҳрумият чуқурида қолиб руслик миллияти савқи ила руслашдирув сиёсати остинда эзилиб турк ва ислом миллатлари ҳуқуқи сиёсиятдан четка қолиб, зулм ва жабр ичинда умргузар эдилар. Бу ўртада Туркистон аҳолиси ҳукуматнинг бу сиёсатидан норози бўлиб истиқлол йўлини излаб миллий истиқлолият қўмитасини тузиб шўъбалари ила бутун Туркистонни қоплади. Ниҳоят ҳукуматнинг бу сиёсати золимонасига тоқат этолмасдан 1916-санада ислоҳ қути ила ўз ҳуқуқларин ҳимоя этди. Оқибат 1917-сана қизил инқилоб билан бир оз умумий озодлик соҳилига чиққан бўлиб ҳуқуқи миллияларини янгидан тиргизмак орзусига кирганди. 1917-сана октябр воқеасиндан сўнгра совет ҳукуматининг бошинда ҳукмрон бўлган Лениннинг (манифест) ваъдаси ҳар бир миллат учун миллий озодлик ва ҳуррият эълонига биноан Туркистоннинг эски пойтахти бўлган Хўқанд шаҳрида ўлка мухториятини эълон этиб туркистонли турклар маъқул бир ҳукумат ташкил қилган ҳолда миллатчи болшевикларнинг золимона ҳужум ва бераҳимона ҳаракатлари ила шаҳарлар бузилиб, қонлар тўкилиб, хотун ва болалар кесилиб хоналар ва моллар талон-торож этилиб, ҳукумат арбоблари отилиб, осилиб, ҳукумат тарқатилди ва шул она қадар отув кесувлар давом этмакдадир...

«Осиё осиёликларнингдур» деган шиорни лозим тутган Сиз муҳтарам Япония ҳукуматидан илтимос қилинурким, қардош, ватандош осиёлик Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида умр кечирмоқиға розилик кўрсатмай, салоҳ ва пул ва ўзга даркор бўладирган режалар ила ёрдам қўлин узатмоғингизни Ватан ва ирқдошлик номиндан ўтинамиз. Бу ҳақда сўзлашув учун ушбуни топширувчи том ҳуқуқлик тубанда исмлари ёзилган аъзоларини юборадир:

Фарғона край миллия аскарисин бошлуғи: Шермуҳаммадбек имзоси

Бухоро ҳукуматининг истиқлолия қўмитасининг раиси: Музаффариддин

Хива ҳукуматининг истиқлолия қўмитасининг раиси: Аннақулов

Туркистон Марказий умумий миллий иттиҳод қўмитасининг раиси: Муфти Садриддинхоннинг муҳр ва имзоси

Буюк Британия ҳукуматининг Қошғар вакили ҳазрати олийларина!

Сиз муҳтарам амният ва ҳуқуқи башарият устози Буюк Британия ҳукуматидан илтимос қилинурким, Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида яшаб ва Туркистон маданияти, санои нафисалари ботил ва хароб ўлмакиға розилик юзин кўрсатмай силоҳ ва ўзга зарур ашёлар ила ёрдам қўлин этмоғингизни ҳуқуқи инсоният номиндан ўтинамиз...

Хатнинг дипломатик назокати ва муфти Садриддинхоннинг нақадар сиёсий етуклиги ҳақида ҳам, агар мактуб етиб борганида қандай сиёсий оқибатларни келтириб чиқариш-чиқармаслиги ҳақида ҳам кўп мунозара қилишимиз мумкин. Ҳақиқат шуки, хат 1921 йил 16 март куни Авлиёотада чекистлар томонидан тутиб олинди. Шундан сўнг 1921 йил 31 март куни «Миллий иттиҳод»нинг бошқа аъзолари Рустамбек Ниёзбеков, Муҳаммадёр Муҳаммадумаровлар ҳам қамоққа олинади. Апрелнинг илк тунларидан ёқимсиз сукунатдан ухлай олмаётган муфти Садриддинхон кеч соат 12 лардан ўтиб, Юнусхон мадрасасидаги ҳужраси атрофида қизил аскарлар йиғилаётганини пайқаб қолади. Девор орқали Эшонқули додхоҳ масжидига ўтиб, бир муддат яширингач, шўроларга қарши очиқ курашга киришга қарор қилади. У тонг 04:00 ларда Яланғоч орқали Тошкентдан чиқиб кетади. Чошгоҳдан ўтиб Заркатга киради ва қадимий қабристондан қўним топиб, икки кун шу ерда ибодат қилади. Айни пайтда бир неча хатлар тайёрлаб, Қорахитой қишлоғилик собиқ талабаси орқали Тошкентга, Бухорога ва Фарғонага йўллайди. Сўнг довондан ўтиб Ашобага Раҳмонқули қўрбошига қўшилади. 1921 йилнинг бошида Бухорога борган тошкентлик таниқли жадид муаллимлар Усмонхўжа Тўхтахўжаев ва Тангриқул ҳожи Мақсудийлар хатни олгач, Тошкентга қайтади. Улар Исроилжон раҳбарлигидаги гуруҳ билан маҳаллий бойлардан тўплаган 100 минг сўм пул билан Пискент томон йўл олади. Панзар қишлоғида Раҳмонқулнинг укаси Турсунбой қўрбоши, Ашоба қишлоғи яқинига келганда Раҳмонқулининг ўзи кутиб олади. Муаллимлар Садриддинхоннинг режасига кўра истиқлолчиларга дарс ва маънавий далда беришлари керак эди. Айни пайтда Тошкентда болшевикларнинг XII сездига тайёргарлик кетаётган эди. Муфти Садриддинхон истиқлолчилар армиясининг олий қўмондони Шермуҳаммадбек номидан бу қурултойга Фарғонага мухторият бериш; ҳарбий бошқарувни русларнинг аралашувисиз маҳаллий аҳолига топшириш, иқтисодий ва диний эркинликларга дахл қилмаслик каби 13 пунктдан ультиматум тайёрлайди. Бироқ болшевиклар билан музокара қилиб, Муҳаммад Аминбекнинг хатосини такрорлашдан ҳайиқади. Муфти Садриддинхон, Раҳмонқулибек ва Ислом паҳлавон билан уч кун давомида Шермуҳаммадбекнинг ҳузурида бўлади. Учрашувда қувалик Боқижонбой, Рустам ҳожи, қўқонлик Камол қозилар Шермуҳаммадбекка ҳар қандай ҳолда ҳам болшевикларга ишониб бўлмаслигини таъкидлайдилар ва музокарага чек қўйилади. Бек Афғонистондан қурол етиб келгунича фақат мудофаа жанглари билан чекланишга қарор қилади. Муаллимлар ортга қайтарилади, қизил армиянинг сони кундан кунга ортиб боради. Ваъда қилинган қуроллар келмайди. Шўролар фитнаси туфайли қўрбошиларнинг ичида ҳам ўзаро курашлар авж олдирилади, миллат қони дарё бўлиб оқа бошлайди.

1921 йил 9 сентябрь куни Қўқонда муфти Садриддинхон Ҳамдамҳожи Қаландаров билан бирга қамоққа олинди. 1921 йил 19 сентябрда ТуркЧК томонидан уни зудлик билан Тошкентга келтириш учун махфий қарор чиқарилди. 1921 йил 27 сентябрь куни Муфти Садриддинхонга нисбатан аксилинқилобий фаолият айблови билан жиноий иш очилди. Сўроқларда Садриддинхон ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини тан олади ва ёлғиз ўзи истагига кўра амалга оширганини таъкидлайди. 1921 йил 28 ноябрь куни сўроқда Рустамбек Ниёзбеков бу гапларнинг ҳеч биридан хабари бўлмагани ҳолда Муфти Садриддинхонни улуғ бир олим сифатида билишини ва қадрлашини таъкидлайди.

1921 йил 8 декабрь куни Клингоф раҳбарлигида Турк ЧКнинг аъзолари Наркомюст Устабоев, милиция бошлиғи Алиевлар мазкур беш киши ишини Олий инқилобий трибуналга йўллайди. 1921 йил 23 декабрь куни Тошкентда раис Иброҳимов ҳамда Иноғомжон Хидиралиев, Собир Юсупов ва бошқалар иштирокида ўтган Ҳарбий трибуналда Назир Тўрақулов давлат айбловчиси бўлади. Ҳукмга кўра муфти Садриддинхон Шарифхўжа ўғли ва Ориф Каримийлар отувга, Абдуллажон Зиёмуҳаммедов ва Муҳаммадёр Муҳаммадумаровлар 3 йилдан, Рустамбек Ниёзбеков эса 2 йилга шартли қамоққа ҳукм этилади. Бироқ шу мажлиснинг ўзида Назир Тўрақулов узоқ маърузасини бошлаб қолади. Сўзининг охирида 1921 йил 7 ноябрь куни Октябрь инқилобининг 4 йиллиги бўлганини эслаб, шу муносабат билан отув ҳукмини 5 йиллик қамоққа, Абдуллажонни бир ярим йилга шартли қамоққа, Рустамбек ва Муҳаммадёрларни эса шу жойнинг ўзида озод қилишга қарор қилади. Албатта, Туркистон ҳукуматидаги маҳаллий арбобларнинг барчасининг пири устози бўлган Муфти Садриддинхон ва Ориф Каримийлар кўп ўтмай Туркистон заминидан чиқиб кетишга муваффақ бўлади. Ориф Каримий кейинчалик Туркияда олим бўлиб етишади ва кейинги фаолиятида ўзини сиёсатдан холи тутади.

Муфти Садриддинхон аввал Афғонистонга ўтиб, 1923 йил ўрталаридан Эроннинг Машҳад шаҳрига жойлашади ва Туркистон озодлиги учун курашчи бўлгани туфайли яхши мавқе қозонади. У Туркистондан қочиб борган минглаб муҳожирларни ерлаштириб, уларнинг бир қисмини ўқитиш мақсадида Туркияга йўллайди. Айни пайтда Туркистон билан ҳам алоқани давом эттиради. Туркистон ва маҳаллий туркман қабилаларига «Ёш Туркистон» журналини тарқатиш орқали миллий бирлик учун курашади. Бироқ 1931 йил Эрон–Совет битимидан сўнг муҳожирларга нисбатан босим ва тазйиқ ортиб боради. Муфти Садриддинхон бунга қарши Туркия ҳукуматининг эътиборини қаратиш мақсадида ҳамда ўзининг фаолияти ҳақида Мустафо Чўқай, Абдулваҳоб Ўқтойларга тинимсиз хатлар юбориб турган.

Муфти Садриддинхоннинг атрофида саводли йигитлар етишмас эди. 1932 йилнинг августида унинг ёнига Туркистондан Баҳром Иброҳимов келади. «Йўқсул» тахаллуси остида шеърлар ёзиб ўзини ижодкор сифатида кўрсатган бу йигит аслида жосус бўлиб, Ганжада ўқиб юрган вақтларидаёқ ГПУга ёлланган эди. Самарқанддаги фаолияти даврида ўткир фикрлари ва Чўлпоннинг исёнкор шеърларини ўқиб, тараққийпарварларнинг назарига тушган ҳамда атрофига кўплаб ҳур фикрли ёшларни жамлаган эди. У 1931 йил Ғулом Зафарий бошлиқ бир гуруҳ ёшлар билан қамоққа олинади. Аммо терговдан озод қилиниб, Эронга юборилади. Муфти Садриддинхон унинг биографияси билан танишгач, табиийки, ўзининг Туркистондаги манбалари орқали унинг далилларини текшириб кўради. Юқорида таъкидлаганимиздек, у нафақат Туркистонда, ҳатто, Озарбайжонда ҳам кўплаб тараққийпарварларга таниш бўлгани учун Муфти Садриддинхоннинг ишончига сабаб бўлади. Ваҳоланки, бунгача ўнлаб ГПУ жосуслари фош қилиниб шармандаларча Эрондан чиқариб юборилган эди. Баҳром Иброҳимов Маҳмуд Ойқорли номи билан ўн йилга яқин муфтининг хизматида бўлиб, айни пайтда айғоқчилик вазифаларини ҳам мукаммал бажарган эди.

Муфти Садриддинхон Эрондаги вазиятнинг ёмонлашиб бориши ортидан 1934 йил 8 июль кеча котиби Маҳмуд Ойқорли билан Машҳадни тарк этади. Улар 31 июль куни Кобулга келиб, бир муддат Афғонистондаги ҳолатни ўрганади. Шундан сўнг Маҳмудни Машҳадга йўллаб ўзи Шарқий Туркистонда курашни давом эттиришга қарор қилади. Бироқ советлар Афғонистондаги устувор мавқеидан фойдаланиб, муфтини назоратга олишга интилади. Маҳмуд Ойқорли энди ташаббусни бутунлай ўз қўлига олишга ҳаракат қилади. Натижада Садриддинхон 1935 йил 6 августда миршаблар қуршовида Ҳиротга сургун қилинади. Шундан сўнг Маҳмуд Ойқорли Мустафо Чўқайга хатлар ёзиб, Япония вакиллари билан алоқага боғлагани ва энди ташкилотга ўзининг раҳбарлик қилишини маълум қилади. Айни пайтда миллий жабҳа курашчилари орасида турли фитналарни амалга оширади. 1937 йил Шермуҳаммадбекнинг Истанбулда ўқиётган ўгай ўғли Ғулом Ҳайдарнинг Кобулга келиб, Ойқорлининг жосуслигини фош этади. Лекин яна советлар аралашуви билан Маҳмуд Ойқорли қутулиб қолишга эришади ва кейинги жосуслик фаолиятини Эронда давом эттиради. Муфти Садриддинхон эса Қандаҳорга йўлланади ва шу ердан чиқиб кетиши тақиқланади. Хуллас, бутун ҳаётини Туркистон эрки ва озодлиги йўлида курашга бахшида этган қаҳрамон ватандошимиз Муфти Садриддинхон Шарифхўжа қозикалон ўғли 1944 йил Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида ғарибликда вафот этади.