Жанубий Кореяда ошқозони операция қилинган Ўзбекистон фуқаросига молиявий ёрдам кўрсатилди, дея хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Қайд этилишича, сурхондарёлик У.М. Жанубий Кореяга Э-9 визаси билан вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун боради.
Ўзбекистон фуқароси Конгжу шаҳридаги NC One Co.Ltd корхонасида ишлаётган вақтда саломатлиги ёмонлашиб, шифохонага ётқизилади. У ерда У.М.нинг ошқозони операция қилинади.
Мураккаб жарроҳлик операциясидан сўнг молиявий қийин аҳволда қолган фуқарога жамғарма ҳисобидан 1 500 000 вон (тахминан, 1350 АҚШ доллари) миқдорида шифохона харажатлари учун агентликнинг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси томонидан молиявий ёрдам кўрсатилди.
Бундан аввал ҳам Россияда мажбурий меҳнатдан қочиб, икки оёғидан ажралган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилгани, Россияда мураккаб вазиятда қолган 7 нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилгани ҳамда Туркия ва Россияда қийин аҳволда қолган 7 нафар ўзбекистонлик авиарейс билан ватанга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)