Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг кортежидаги машиналар 4 июнь куни Иссиқкўл денгизи ҳудудида инсон ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисасининг иштирокчиларига айланди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг «AКИpress» нашри хабар берди.

Фото: Google Images

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизматининг уч нафар ходими жароҳатланди ва бир киши ҳалок бўлди. Шунингдек, ҳайдовчи ва енгил автомобиль йўловчисига ҳам жароҳат етган», — деган Қирғизистон ижтимоий риволаниш ва соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев.

Қирғизистон президентининг матбуот хизмати ЙТҲга номаълум шахс бошқарувидаги енгил автомобилнинг тартибсиз ҳаракатлана бошлагани ва катта тезликда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетгани ва кортеждаги машиналардан бирига урилгани сабаб бўлганини маълум қилди. Кортеждаги машина ичида Жапаровни қўриқлаб кетаётган хавфсизлик ходимлари ва ҳайдовчи бўлган.

Жапаровнинг ўзига автоҳалокат оқибатида зарар етмаган. У воқеа юзага келган вақтда бошқа бир автомобиль ичида бўлган.

«Тахминларга кўра қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган автомобиль ҳайдовчиси маст ҳолатда машинани бошқарган», — дея қўшимча қилинган Қирғизистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнда Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегара ҳудудида ҳарбий вертолёт фавқулодда қўнган ва ҳодиса оқибатида вертолёт ёниб кетган ва 13 нафар одамга жароҳат етганди. Авиаҳалокатдан жабрланганларнинг уч нафари оғир аҳволда эканлиги хабар қилинган.