Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга тегишли бўлган бинони бузган ва 4 миллиард сўм қарздор бўлган. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, «Л.» МЧЖ (номи ўзгартирилган) унинг мулк ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб, бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Аниқланишича, ҳокимнинг қарори билан ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинганлиги натижасида тадбиркорга тегишли 87 квадрат метрлик савдо дўкони бузилган.
Ушбу мулк мустақил баҳоловчи корхона томонидан қарийб 4 миллиард сўмга баҳоланган. Шу билан бирга, тадбиркор томонидан компенсацияни тўлаб бериш тўғрисидаги мурожаат Тошкент шаҳар ҳокимлигига юборилганлигига қарамай, компенсация тўланмаган.
Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризаси натижасида Тошкент шаҳар ҳокимлигига «Л» МЧЖга қарийб 4 миллиард сўм компенсация тўлаб бериш вазифаси юклатилди.
Бундан аввал Тошкентда ҳокимнинг «махфий» қарори билан дўкони бузилган тадбиркорга компенсация тўланадиган бўлгани ҳамда бизнес-омбудсман Тошкентдаги реклама баннерларининг бузиб юборилиши қонунийлигини ўргангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)