Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Instagram’да жонли эфир олиб бораётган пайтида танқидли изоҳ қолдирган тармоқ фойдаланувчисига қўрқинчли таҳдид қилди. Блогер Тумсо Абдураҳмонов бунга эътибор қаратиб, эфирнинг шу қисмини ўзининг Telegram каналига жойлаган.

Фото: Google Images

Қодиров Instagram’да 6,7 миллион обуначига эга @ya_pomoshnik_kra_95 аккаунтидан 17 май куни жонли эфир қилган. Эфир давомида у фойдаланувчилардан бирининг: «Сен одам эмассан, шунчаки шайтонсан», — деган изоҳини ўқиб, скриншотга олган. Сўнг кулиб, унга таҳдид қила бошлаган.

«Менга шу гапларни ёзаётган экансан, сени излаб топишим мумкин. Шунда қайси биримиз шайтонлигимизни кўрамиз. Сен қанақасан, ўзингдан уялмайсанми? Ойнада қандай кўринасан?... Ўзинг ҳақингда шахсийдан ёзиб юбор. Қани, қайси биримиз шайтон эканмиз. Шайтонларнинг кўпини йўқ қилганман, сени ҳам йўқ қилишим мумкин», — дейди Қодиров.

Аввалроқ Рамзан Қодиров колонияда жазо ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Қуръон тиловат қилмоқчилигини танқид қилган эди. Қодировнинг сўзларига кўра, Навальний Қуръондан сиёсий мақсадда фойдаланмоқчи.

Шунингдек, Қодиров Исроил—Фаластин можаролари фонида Исроил полициясининг Рамазон ойида Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудидаги операциясини танқид қилиб, Исроилдан «қонунбузарлик» ва «энг мураккаб шаклдаги провокация» учун фаластинликлардан кечирим сўрашни талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодиров тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод сифатида қайд этилган.