Россия президенти Владимир Путин Фаластин—Исроил можаросида ҳар икки томонни зўравонликларга чек қўйиш ва муроса йўлларини излашга чақирди, деб ёзади «ТАСС».

Фото: «РИА Новости»

«Сўнгги кунларда Яқин Шарқдаги кескинлик том маънода авж олганига гувоҳ бўлмоқдамиз ва вазиятнинг ривожланишини хавотир билан кузатмоқдамиз. Фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги қарама-қаршилик аллақачон кўплаб фуқароларнинг, шу жумладан, болаларнинг қурбон бўлишига олиб келди», — деган Путин.

«Биз ҳар икки томон зўравонлик ҳаракатларига чек қўйиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик кенгашининг тегишли қарори ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойиллари асосида фаол равишда ечим излаши шарт деб биламиз», — дея таъкидлаган Россия президенти.

Путиннинг қайд этишича, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида «ўткир инқирозларни тартибга солиш ва бошқа кўплаб долзарб халқаро муаммоларни ҳал қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилиб келади».

«Биз Суриядаги вазиятни нормаллаштириш учун жуда кўп ишлар қилганмиз, ушбу мамлакатда тинч сиёсий мулоқот ўрнатишга ёрдам бериб келмоқдамиз. Россиянинг воситачилиги туфайли Тоғли Қорабоғ можароси зонасида жанговар ҳаракатлар тўхтатилган, тўлиқ сулҳ таъминланган, ярашув жараёни ва қочқинларнинг қайтиши давом этмоқда», — дея қайд этган у.

Аввалроқ БМТ бош котиби Исроил ва Ғазо сектори ўртасидаги ўт очишларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган эди. Туркия эса фаластинликларни ҳимоя қилиш учун халқаро механизм яратишга чақирди. Хитой Фаластинни Исроил билан низода қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Ўз навбатида Ўзбекистон ҳам Исроил ва Фаластинни зўравонликни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Фаластин—Исроил низосининг 2014 йилдан буён кузатилган энг кучли авж олиши май ойида Исроил ҳукуматининг Қуддусда бир қатор араб оилаларини кўчириб юбориш қароридан кейин бошланди. Бу норозиликларни келтириб чиқарди ҳамда Қуддусда араб намойишчилар ва Исроил полицияси ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлди.

Вазиятга ҲАМАС аралашди. Исроил унинг полицияни олиб кетиш ҳақидаги талабларини бажармаганидан кейин гуруҳ ракеталар отишни бошлади. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини ўққа тутди.