Қашқадарё вилояти Касби туман «Тошқўрғон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-92 Қарши—Таллиқўрғон—Касби—Жейнов автомобиль йўлининг 26 километрида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 8 май куни соат 22:10 ларда ҳаракат қоидаларини қўпол равишда бузиб, катта тезликда ҳаракатланган «ВАЗ-2101» автомобили йўлнинг қарама-қарши тарафида ҳаракатланиб келаётган Nexia-2 билан тўқнашиб кетган. Содир бўлган авария оқибатида етти киши ҳалок бўлган. Яна икки фуқаро турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
Мудҳиш ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларнинг орасида 1 ва 4 ёшли болалар ҳам бор. Қолганлари ҳали 40 ёшга етмаган фуқаролар.
Аввалроқ Қаршида содир бўлган ЙТҲда 29 ёшли ҳайдовчи ва унинг 5 ёшли қизи ҳалок бўлгани, Бухорода қаршисидаги машинани қувиб ўтишга уринган Nexia тракторга бориб урилгани ва ҳайдовчи шифохонада вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)