Ҳиндистоннинг Гужарат штати Бхаруч шаҳридаги касалхонада ёнғин содир бўлди. Оқибатда COVID-19 билан касалхонага ётқизилган беморларнинг 18 нафари ҳалок бўлди. Бу ҳақда Hindustan Times газетасига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Қайд этилишича, ёнғин жонлантириш бўлимида бошланган ва бир соат ичида бартараф этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қисқа туташувдан келиб чиққан.
Тиббий муассаса беморлари бошқа клиникаларга ўтказилган. Мутахассислар ҳодиса сабабларини аниқлаштирмоқда.
«Дастлаб 12 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган бўлса, кейинчалик бу рақам 18 га ошди», — дейилади газета хабарида.
21 апрель куни Ҳиндистоннинг Махараштра штатида коронавирусга чалинган беморларни даволовчи касалхонада кислороднинг цистернадан сизиб чиқиши оқибатида 24 нафар одам ҳаётдан кўз юмган эди.
Аввал март ойида Ҳиндистоннинг Мумбай мегаполисида COVID-19’га чалинган беморлар даволанадиган касалхонада ёнғин содир бўлгани ва 10 нафар одам фавқулодда ҳодиса оқибатида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар қилинганди. 10 апрелда Нагпур шаҳридаги коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган шифохонада келиб чиққан ёнғин оқибатида тўрт киши қурбон бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда COVID-19’га чалиниш бўйича жаҳон рекорди кетма-кет янгиланмоқда. Мамлакатдаги эпидемиологик вазият «коронавирус бўрони» деб таърифланди. Ҳиндистон аҳолиси уйида ҳам тиббий ниқобларни тақишга чақирилмоқда. ЖССТ Ҳиндистондаги коронавирус билан боғлиқ оғир вазият исталган давлатда юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Изоҳ (0)