Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Британиянинг Little Car компанияси Япониянинг Tamiya фирмаси билан ҳамкорликда тўлақонли электр багги қуриш мумкин бўлган Wild One Max конструктори жамланмасини тақдим этди. Ўйинчоқ жамланма нархи 8250 доллар бўлганига қарамай, йиғилган транспорт воситасида умумий фойдаланишдаги йўлларда ҳаракатланиш мумкин, деб хабар беради Motor.

Фото: Little Car

Фото: Little Car

Ноодатий лойиҳа асосини япон мутахассислари томонидан яратилган радиобошқарилувчи Wild One модели ташкил этади. Янги конструктор Мах приставкасига эга бўлган бўлиб, унинг ёрдамида ўлчами 3500х1800 миллиметр бўлган орқа узатмали электробаггини қуриш мумкин. Шу билан бирга, ўйинчоқ транспорт воситасини бўйи 195 сантиметр бўлган катта ёшли ҳайдовчи бошқара олади.

Wild One Max асосини мустақил «подвеска»ли ром ташкил этади. Ўйинчоқ машинага 15 дюймли ғилдирак дискалари, Brembo тормозлари, шунингдек, руль ва хавфсизлик камарига эга битта ўриндиқ ўрнатилган. Бундан ташқари, Wild One Max’ни спорт «подвеска»си ва йўлтанламас покришкалари билан жиҳозланган.

Конструктор учун АҚШ ҳамда Европанинг айрим давлатларидаги умумий фойдаланишга мўлжалланган йўлларда қонуний ҳаракатланиш имконини берадиган махсус жамланмалар кўзда тутилган. Модификация қаторидан стоп-сигналлар, бурилиш чироқлари ва ён ойналар ўрин олган. Апгрейд сабаб ўйинчоқ транспорт воситасини квадротцикл сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Wild One Max 5,5 от кучига эга икки киловаттли батарея ёрдамида ҳаракатга келади. Машина аккумулятори бир марта қувватланиш орқали 40 километр йўл босишга қодир. Максимал тезлиги — соатига 50 километр. Ноодатий конструкторни 2022 йилда минимал 8250 доллар қийматида харид қилиш мумкин.

Аввалроқ британиялик блогер Мэтт Дентон пластик эҳтиёт қисмлардан дунёга машҳур Lego конструктори услубида яратилган янги пойга машинаси версиясини ясаганди. Муҳандис 3D-принтерда чоп этилган ўзининг транспорт воситасини соатига 50 километр тезликда ҳайдашга муваффақ бўлган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар