Ўзбекистон коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган инқироз юмшаган бир пайтда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш учун таркибий ислоҳотларни жадаллаштириши керак. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертларининг 25 январдан 17 февралга қадар ўтказилган виртуал миссияси якунига оид баёнотида маълум қилинган, деб ёзади «Gazeta.uz».

Фото: Халқаро валюта жамғармаси

«Узоқ йиллик нисбатан изоляция ва ҳукуматнинг қаттиқ назоратидан сўнг, Ўзбекистон ўз иқтисодиётини модернизация қилишда катта ютуқларга эришди. Бироқ ислоҳотлар дастури олдингидек кенг кўламли, иқтисод эса ўсиб бораётган аҳоли учун етарлича иш ўринини яратмаяпти», — дейилади баёнотда.

ХВЖ Ўзбекистонга давлатнинг иқтисодиётдаги «ҳамон катта бўлган ролини» камайтиришни ва хусусий секторнинг ўсишига ёрдам берадиган муҳит яратишни маслаҳат беради.

«Яхши ишловчи ва адолатли бозор иқтисодиёти учун зарур бўлган кучли ҳамда мустақил институтларни яратиш, шунингдек, сиёсатнинг барқарорлиги ва унинг ривожини олдиндан кўра билиш имкониятларининг ошиши алоҳида муҳим аҳамиятга эга», — дейилади хабарда.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон қонунларга қатъий риоя қилинишини ва ҳукумат шаффофлигини таъминлаш орқали бошқа мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, ёмон бошқарув хатоларидан қочиши мумкин.

ХВЖнинг фикрича, коронавирус пандемияси Ўзбекистон аҳолиси ва иқтисодиётига нисбатан қисқа муддатли салбий таъсир кўрсатди, бунга ҳукуматнинг «ўз вақтидаги ҳал қилувчи» чоралари кўмаклашган. Экспертларнинг ҳисоблашича, бу Ўзбекистонга 2020 йилда иқтисодиёт борасида ижобий ўсишни намоён этган кам сонли давлатлардан бирига айланишига ёрдам берган.

Халқаро валюта жамғармаси 2021 йилда иқтисодий ўсиш 5 фоиз атрофида, йиллик инфляция эса 10 фоиздан камроқ бўлишини прогноз қилмоқда.

Шу билан бирга, экспертларнинг таъкидлашича, «ноаниқлик даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда». Иқтисодиётнинг қайта тикланиши кўп жиҳатдан вакцинация жараёнига, шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларини ривожланишига боғлиқ бўлади.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти учун асосий хавфларни маълум қилганди.