АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен CNN нашрига берган интервьюсида ҳеч ким Афғонистонда фуқаролар урушининг қайта бошланишидан манфаатдор эмаслиги, бироқ ушбу сценарийнинг эҳтимоли мавжудлиги ҳақида гапирди. Суҳбатнинг матни АҚШ Давлат департаментининг расмий сайтида эълон қилинган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен

Фото: Reuters

«Ҳеч ким Афғонистонда фуқаролар урушининг қайта бошланишидан манфаатдор эмас. Бу, айниқса, Афғонистон халқи учун оғир зарба бўлади. Афғонистон ҳукумати ҳам, ‘Толибон’ ҳам буни истамайди. Афғонистонга қўшни бўлган мамлакатлар ҳам бунга қарши. Қўшнилар, шунингдек, охирги 20 йилда воқеалар ривожини чеккадан кузатиб турган минтақадаги бошқа мамлакатлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, энди АҚШ, унинг иттифоқдошлари ва ҳамкорлари ҳамда НАТОнинг Афғонистондаги барқарорликни таъминлаш учун фаоллик кўрсатганини инобатга олиб, мамлакатдаги барқарорликни сақлаб туриш, тинчликни ушлаш учун саъй-ҳаракатларни амалга ошириши лозим», — дея таъкидлаган Энтони Блинкен.

Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетмоқда, аммо мамлакатни тарк этмаяпти.

«Биз ҳали ҳам Афғонистон ҳукумати ва унинг халқини қўллаб-қувватлаш, мамлакат тараққиётини таъминлаш учун иқтисодий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, хавфсизлик кучларига кўмак бериш бўйича дипломатик ишларни давом эттиряпмиз», — деган АҚШ давлат котиби.

Энтони Блинкен АҚШнинг Афғонистонда америкаликларга ишлаган афғонистонликлар (таржимонлар, инженерлар, маҳаллий ҳамкорлар ва уларнинг оила аъзолари, 18 мингга яқин одам) ва ҳаёти хавф остида бўлганлар махсус виза дастури асосида АҚШга кўчиб ўтиши мумкинлигини билдирган.

АҚШ президенти Жо Байден апрель ўрталарида 1 майдан бошлаб Вашингтоннинг Афғонистондаги қўшинлари мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишини эълон қилган. Ушбу жараён 11 сентябргача яъни «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг Жаҳон савдо маркази ва Пентагонга уюштирган ҳужумларига 20 йил тўладиган кунда тугайди. АҚШнинг ортидан НАТО, Грузия, Болгария ҳам қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишини билдирган.

Байденнинг мазкур қарорига АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп муносабат билдирган ва Афғонистондан қўшинларни олиб кетишда 11 сентябрдан фойдаланмаслик, ҳарбийларни тезроқ қайтариш имкониятини кўриб чиқиш мумкинлиги ҳақида танқидий фикр билдирган.