Индонезиянинг Бали оролида бортида 53 нафар денгизчи бўлган сувости кемаси бедарак йўқолди. Бу ҳақда мамлакат Қуролли кучлари қўмондони Хади Чахянтога таяниб, Reuters хабар берди.
Индонезиянинг ҳарбий денгиз кучларига тегишли бўлган, Германияда ишлаб чиқарилган KRI Nanggla-402 сувости кемаси торпедалар билан машғулот ўтказган, лекин натижалар ҳақида хабар бермаган. Тахминларга кўра, Балидан 96 километр шимолда алоқа узилиб қолган.
Индонезия ҳукумати Сингапур ва Австралиядан қидирув ишларида ёрдам сўради.
Аввалроқ Бангладешнинг Шиталакшя дарёсида 50 нафар йўловчини олиб кетаётган паром (солсимон ясси кема) юк ташувчи кема билан тўқнашиб, чўкиб кетиши натижасида беш киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Ўрта Ер денгизининг Тунис қирғоқлари яқинида эса ичида ноқонуний кўчаётган муҳожирлар бўлган иккита қайиқ ағдарилиб, чўкиб кетди. Қайиқлар Италиянинг Лампедуза ороли томон кетаётган эди. Ҳалокат оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, Россия Федерацияси байроғи остидаги «Арвин» қуруқ юк ташувчи кемаси Қора денгизда Туркиянинг Бартин вилояти соҳиллари яқинида чўкиб кетгани ҳақида маълумот берилди. Бортда жами 13 нафар экипаж аъзоси бўлгани, уларнинг барчаси россиялик экани маълум бўлди. Уларнинг беш нафари қутқарилган. Камида икки киши ҳалок бўлган.Кейинроқ қутқариб олинган Россия фуқароси Николай Кринов фожиа ёмон об-ҳаво шароити туфайли юз берган бўлиши мумкинлигини айтди.
Изоҳ (0)