АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Американинг амалдаги етакчиси Жо Байденнинг Афғонистондан қўшинларни олиб кетишни 11 сентябргача якунлаш режасини танқид қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

«Мен Жо Байденнинг Афғонистондаги қўшинларимизни олиб чиқиш санаси сифатида 11 сентябрдан фойдаланишини умуман хоҳламаган бўлардим», — деди Трамп.

Собиқ президент танланган сана Америка қўшинларини олиб чиқиш учун мақбул эмаслигининг иккита сабабини айтиб ўтди. Биринчидан, Трампнинг фикрича, «буни тезроқ қилиш мумкин ва шундай қилиш керак».

Трампнинг баёнотида айтилишича, АҚШ президенти бўлган пайтида у Афғонистонда жойлашган қўшинлар сонини 16 мингдан 2 мингтагача қисқартириш ва «миллиард долларлик» АҚШ ускуналарини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш орқали қўшинларни тезроқ олиб кетишга имкон яратиб қўйган.

Трампнинг сўзларига кўра, ушбу санадан фойдаланмасликни иккинчи сабаби шундаки, АҚШда 2001 йилда айнан шу санада терактлар содир бўлган. «11 сентябрь – бу ўта фожиали воқеалар ва мамлакатимизнинг оғир даври билан боғлиқ сана», — деб эслади Трамп.

Жо Байден АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини 11 сентябргача олиб чиқиши ҳақида расман эълон қилган эди. Унинг кетидан Британия ҳам ҳарбийларини олиб кетади.

Энтони Блинкен 14 апрель куни НАТОга ўз қўшинларини Афғонистондан уйига олиб келиш вақти келганини айтган. Блинкен Байденнинг қарорини шахсан етказиш учун 15 апрель куни кутилмаган ташриф билан Афғонистон пойтахти Кобулга келган. АҚШнинг «Толибон» билан тузган 2020 йилги келишувига кўра, АҚШ ва НАТО 2021 йил 1 майга қадар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаши керак.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий операцияси 2001 йил октябридан бери давом этмоқда ва Америка тарихидаги энг узоқ муддатли ҳарбий кампанияга айланган. 2010—2013 йилларда Афғонистондаги Ғарб кучлари сони энг юқори чўққисига чиқиб, 150 минг кишидан ошган. АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар кучлари 2014 йилда Афғонистондан чиқарилган.