Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга отасининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик телеграммасини юборди. Бу ҳақда Оқ ўрда матбуот хизматига таяниб, Tengrinews хабар берди.
Хабарга кўра, Тўқаев Қозоғистон халқи ва ўз номидан Гурбангули Бердимуҳамедовга отаси Маликгули Бердимуҳамедовнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирган.
«Отангизнинг ёрқин хотираси унинг яқинлари ва барча ватандошлар қалбида яхши инсон, доно устоз ва ҳаётини ватанга фидокорона хизмат қилишга бағишлаган ҳақиқий ватанпарвар сифатида абадий сақланиб қолади. Қайтариб бўлмас йўқотиш азобига шерик бўлар эканман, сизга ва оилангизга ушбу оғир пайтда куч ва матонат тилайман », — дейилади Қозоғистон президентининг телеграммасида.
Матбуот хизматининг хабар беришича, Элбоши — Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Бердимуҳамедовнинг отаси вафот этгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилди.
«Яқинингизни йўқотиш — бу тузатиб бўлмас қайғу. Сизга ва оилангизга чуқур ҳамдардлик билдираман. Ишончим комилки, бутун ҳаётини Туркманистон халқи манфаати учун бағишлаган отангизнинг ёрқин қиёфаси уни таниган одамлар қалбида абадий сақланиб қолади », — дейилади Назарбоевнинг телеграммасида.
Шунингдек, Туркия вице-президенти Фуат Оқтай ҳам Гурбангули Бердимуҳамедовга отасининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
«Мен Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг отаси Маликгули Бердимуҳамедовга яратгандан марҳамат сўрайман. Президентга, шунингдек, дўстона ва қардош Туркманистон халқига ҳамдардлик билдираман », — деб ёзди Оқтай Twitter’да.
Шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли ўзининг Twitter’даги саҳифасида «Яратгандан Маликгули Бердимуҳамедовга марҳамат» тилаб, «дўстона ва қардош Туркманистон халқи ва ҳукумати» га ҳамдардлик билдирди.
18 апрель, якшанба куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг отаси Маликгули Бердимуҳамедов 89 ёшида вафот этди. Маликгули Бердимуҳамедов мамлакат Ички ишлар вазирлиги органларида ишлаб, Тошҳовуз, Мари, Ашхобод шаҳарларида турли лавозимларни эгаллаган.
1982 йилда подполковник унвони билан истеъфога чиққач, кўп йиллар давомида Миллий таълим институтида, Педагогик фанлар илмий-тадқиқот институтида, Ашхобод таълим бошқармасида ишлаган, дарс берган.
2012 йил февралида Туркманистон Мажлиси (парламенти) қарори билан, пойтахтдаги 1001-сонли ҳарбий қисмга Маликгули Бердимуҳамедов номи берилган эди.
2017 йилда Маликгули Бердимуҳамедов номидаги медал таъсис этилган ва шу йили давлат раҳбари ўз отасига ва унинг ИИВдаги фаолиятига бағишланган «Мардлар Ватанни улуғлайди» китобини тақдим этган эди.
Изоҳ (0)