Самарқанд вилояти ИИБ Пахтачи туманида бир гуруҳ фуқаролар электр энергияси йўқлигидан норози бўлиб, йўл бўйига чиққанлиги юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 5 апрель куни Пахтачи тумани «Сарой» маҳалласида яшовчи 15-20 нафар фуқаро шу маҳаллада ўрнатилган трансформатор бузилганлиги сабабли электр энергияси йўқлигидан норози бўлиб, М-37 йўлининг маҳалла ҳудудидан ўтувчи қатнов қисмини ёпишга ҳаракат қилган.

Ҳодиса жойига ИИБ ходимлари бориб, фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борган ва улар уйларига тарқатиб юборилган.

«Ҳозирда ушбу маҳаллага янги трансформатор олиб келиб ўрнатилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда у ёки бу камчиликдан муттасил азият чекаётган аҳолининг норозилик тариқасида йўлларни тўсиб қўйиш ҳолатлари тез-тез юз бермоқда. Хусусан, аввалроқ Сирдарёдаги заправкада газ берилмаётганидан норози ҳайдовчилар йўлни тўсиб қўйганди, декабрь охирида эса Қўқондаги маҳаллалардан бирининг аҳолиси газ ва электр энергияси таъминотининг йўқлиги сабаб ҳокимлик қаршисидаги йўлни тўсиб қўйган. Шу йилнинг январь ўрталарида эса Жиззахнинг Пахтакор туманида газ йўқлигидан норози аёллар катта йўлни тўсиб, автомобиллар ҳаракатига халақит берганди.