Ўзбекистонда 1 апрелдан коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошланди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. «Подробно»нинг соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоевга таяниб ёзишича, мамлакатда уч ой ичида 4 миллион аҳоли коронавирусга қарши эмланади.

«Ҳисоб-китобларимизга кўра, Ўзбекистонда 7-8 миллион киши вакцинацияга муҳтож. Булар биринчи навбатда 65 ёшдан ошган кексалар, коронавируснинг оғир шакли ривожланиши мумкин бўлган сурункали касаллиги борлар, шунингдек, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, боғча ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари», — дейди вазир.

Эмлашнинг биринчи босқичида, аҳолининг айнан шу қатлами қамраб олинади. Бунинг учун мамлакат бўйлаб 3138 та эмлаш пункти ва 862 та ҳаракатдаги тиббий бригада шай ҳолатга келтирилган. Эмлаш жараёнлари учун 4 минг нафардан ортиқ шифокор ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган.

«Вакцинация жараёни апрелдан июнга қадар уч ой давом этади, бу вақт ичида Хитой ва Россиядан қўшимча вакцина оламиз. Ўйлайманки, шу уч ой ичида дастлабки тўрт миллион кишини эмлаб бўламиз», — дея қўшимча қилади соғлиқни сақлаш вазири.

Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолининг кўпчилиги коронавирусга қарши эмланишни истамаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Айни пайтда Ўзбекистонда 1 миллион 660 минг доза вакцина бор. Уларнинг 660 минг дозаси COVAX жамғармаси томонидан олиб келинган AstraZeneca вакцинаси, 1 миллион дозаси Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси. Аҳолини ушбу вакциналар билан эмлаш бир пайтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда эмланувчи биринчи эмланишни қайси вакцина билан бошласа, иккинчисини ҳам айнан ўша вакцина билан якунлайди. Шунингдек, Ўзбекистон Россиядан 1 миллион доза «Спутник V» вакцинасини сотиб олиши кутилмоқда.