АҚШ президенти Жозеф Байден КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан учрашув ўтказишни режалаштираётгани йўқ. Бу ҳақда Оқ уй вакили Жен Псакига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Репорт.аз

Журналистлар Псакидан КХДР билан муносабатларда Байденнинг ёндашуви илгари Дональд Трамп қўллагани каби Шимолий Корея раҳбари билан учрашув ўтказишни англатадими, деб сўради.

«Фикримча, Байденнинг ёндашуви Трампникидан фарқ қилади. У Ким Чен Ин билан учрашув ўтказиш ниятида эмас» — деди Псаки.

Аввалроқ Оқ уй февраль ўрталаридан буён бир нечта дипломатик каналлар, шу жумладан, Нью-Йоркдаги каналлар орқали Пхенян билан боғланишга уриниб келгани, аммо Шимолий Корея раҳбарияти бу уринишларни эътиборсиз қолдирганини айтган эди.

Шимолий Корея ҳукумати эса Вашингтон Пхенянга нисбатан душманлик сиёсатидан воз кечмагунча АҚШнинг янги маъмурияти билан алоқа ўрнатмаслигини айтди. КХДР ташқи ишлар вазири ўринбосарининг таъкидлашича, Пхенян ва Вашингтон ўртасидаги мулоқот «бир столда тенг ҳуқуқли ўтириб, фикр алмашиш» муҳитини талаб қилади.

Аввалроқ Шимолий Кореянинг қанотли ракеталарни синовдан ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Хабарга кўра, Сариқ денгиз минтақасидан иккита ракета учирилган.

The Washington Post газетасининг хабар беришича, АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари разведка маълумотлари Шимолий Кореянинг ракета синовларини режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган.

Газетанинг ёзишича, хабар қилинмаган ракета синовлари КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг АҚШ президенти Жо Байденга бўлган биринчи тўғридан-тўғри даъвосини англатади.