АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирус билан касалланаётган янги беморларда унинг айнан қайси штамми кузатилаётгани ҳақидаги саволга жавоб бериб ўтди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ҳозирда бир кунда республика бўйича 15—18 минг атрофида лаборатория текширувлари ўтказиляпти. Бу ҳар 100 минг аҳоли сонига, 45—47 та дегани. Албатта, текширишлар сонининг ортиб бориши баробарида касалликга чалинганлар аниқланиши даражасининг ортиб бориши кузатилиши мумкин. Текширишларни икки, лозим бўлса уч баравар кўпайтириш орқали аҳоли орасида юрган, касалликка чалинган шахсларни фаол қидириб топиш ишлари амалга ошириляпти. Бу ҳозирги пайтда зиммамиздаги асосий вазифа. Бугунги кунда аниқланаётган беморларнинг аксарият қисмида коронавируснинг COVID-19 штамми эканлиги лаборатория текширувлари натижасида аниқланмоқда.

Нурмат Отабеков, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси 

Шунингдек, Отабеков касалланаётганлар орасида болаларнинг кўплиги янги штамм билан касалланиш ҳолатларининг кўпаяётганидан далолат берадими, деган саволга аниқлик киритган. Унинг айтишича, ўтган даврдаги статистик маълумотларга аҳамият берилса, умумий касалланганларнинг 2—5, баъзан 5—7 фоиз болаларга тўғри келган ва аксарият ҳолларда енгил шаклда кечган. Ҳозирга келиб эса бу кўрсаткич 25 фоизгачани ташкил этмоқда. Бу дегани касалланганларнинг тўртдан бир қисми болалардан иборат. «Биз айнан болаларда чақирилаётган касалликда «Британча» штамм иштироки борлигини инкор қилмаймиз», — дейди мутахассис.

Бироқ COVID-19’нинг «британча», «бразилияча», «африкача» ёки қолган беш мингга яқин мутация натижасида юзага келган янги коронавирус штаммларига боғлиқлигидан қатъи назар ташхис қўйиш, даволаш ва профилактикага қаратилган тадбирларнинг бир хиллигини инобатга олиб, эпидемияга қарши чора-тадбирларни изчил равишда бажариш кераклиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ штаб аъзоси коронавирусга қайд этилиш кўрсаткичи Ўзбекистонда ҳам секин-аста ортиб бораётгани, охирги 3 ой давомида касалликнинг қайд этилиш даражаси ҳар юз минг аҳолига 0,2 кўрсаткичда бўлган бўлса, охирги 3—4 кун мобайнида бу кўрсаткич 0,4 га кўтарилганини маълум қилган.

Маълумот учун, 14 март куни Ўзбекистонда декабрдан бери биринчи марта бир кунда 111 кишида, 16 март куни эса Ўзбекистонда бир сутка ичида 115 кишида коронавирус аниқланган эди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги такси ва қурилиш соҳасида карантин чоралари кучайтирилиши, пойтахт ҳокимлиги ва унинг тизимидаги барча тузилмаларда турли йиғилишларни ўтказиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкентдаги айрим мактабларда ўқиш босқичма-босқич масофавий шаклга ўтказилмоқда, бозор ва савдо марказларида карантин талаблари кучайтирилди.

Бундан аввал Сирдарёда сўнгги икки кун ичида мингдан ортиқ киши карантин қоидаларини бузгани аниқлангани ҳамда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида карантин қоидаларини бузганларни жавобгарликка тортиш ҳолатлари кўпайгани  ҳақида хабар берилганди.