Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Татаристоннинг Заинск шаҳрида шахси ошкор қилинмаган уч ўғил ва бир қиз «Озодлик жангчиси» ёдгорлигини ёқиб юборганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Татаристон Тергов қўмитасининг вилоят бошқармасига таяниб, Meduza хабар берди.

«Озодлик жангчиси» ёдгорлиги, Татаристон Республикасининг Заинский муниципал округи
Фото: Meduza

Тергов маълумотларига кўра, 16 март куни кечқурун болалар ёдгорлик ёнидаги мангу оловда арча шохларини ёққан, шундан сўнг улар яқин атрофдаги гулчамбарни ёқишган ва ёнғин ёдгорликка туташиб кетган. База «Озодлик жангчиси»нинг оёғидаги объектни ёқмоқчи бўлган тўртта болани акс эттирган видеони эълон қилди.

Татаристон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 март куни кечқурун соат 18:39 да (Тошкент вақти билан 20: 39 ) ёнғин ҳақида сигнал олганини ва 11 дақиқадан сўнг улар 6 квадрат метр майдондаги очиқ ёнғинни бутунлай бартараф қилишганини хабар қилган.

Ёнғин натижасида қоришма материаллардан ясалган олти метрлик ёдгорлик бутунлай ёниб кетган. Фотосуратларга қаралганда, ўт ўчирилгандан сўнг ёдгорликдан, фақат рамка қолган, аммо Тергов қўмитасининг воқеа жойидан олган видеосига кўра, эрталабгача у ҳам қолдирилмаган.

Татаристон полициясининг маълум қилишича, ёдгорликка ўт қўйганликда гумон қилинган болаларнинг шахси аниқланган. Ички ишлар вазирлиги уларни 2010—2012 йилларда туғилган уч нафар қиз ва бир ўғил (Тергов қўмитасида айтилганидек, уч ўғил ва бир қиз эмас) деб даъво қилмоқда.

Полиция болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик тўғрисидаги моддага биноан, уларнинг ота-оналарига қарши маъмурий баённомалар тузди. Шунингдек, полиция вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия учун материаллар тайёрламоқда.

«Озодлик жангчиси» ёдгорлиги 2020 йил май ойида Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш учун ўрнатилган эди. Ҳайкал ўзидан аввалги тош ёдгорликни ўрнига қурилган. Заинск муниципал округининг веб-сайтида «Янги ёдгорлик оловга чидамли материал — полимердан тайёрланган» деб хабар берилганди. «РИА Новости»нинг ёзишича, ўтга чидамли ёдгорликни ўрнатиш учун 1,65 миллион рубль (22 388 доллар) сарфланган.

Ёдгорлик муаллифи, ҳайкалтарош Евгений Козловнинг ОАВга айтишича, ёдгорлик ҳақиқатан ҳам оловга чидамли полимердан тайёрланган эди, аммо бу материал оловдан 100 фоиз ҳимоя қилмайди. «Бу унинг умуман ёниб кетмаслигини англатмайди. У ёнади, аммо бу материал очиқ оловни бир мунча вақт ўзига олмайди», — деган Евгений Козлов. Ҳайкалтарош таҳририятга материалнинг ёнғинга чидамлилигини кўрсатадиган видеони тақдим этди. Видеоёзувда полимер ёнғин таъсирида қорайиб, тутаган, аммо ёниб кетмаган.

Тергов қўмитаси Ватан ҳимоясида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштирадиган ёдгорликларни йўқ қилиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғади. Тергов жараёнида терговчилар «ёнувчан материаллардан ёдгорлик ўрнатишга рухсат берган» мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига баҳо бермоқчи. Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин тергов жараёнини шахсан назоратига олган. Татаристон прокуратураси, ўз навбатида, ёдгорликни ўрнатиш бўйича шартноманинг «ишлаб чиқариш технологиясига мувофиқлиги ва талабга жавоб берадиган оловга чидамли материаллардан фойдаланиш нуқтаи назаридан» текширилишини айтган.

Аввалроқ Санкт-Петербургда коронавирусдан вафот этган шифокорларга атаб ёдгорлик очилгани ҳақида хабар берилганди. Очилиш маросими ёдгорлик ташаббускорларисиз, махфий тарзда ўтказилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар