АҚШда 2020 йилги президент сайловлари чоғида Россия ҳукумати Демократик партия номзоди Жо Байденни «бадном қилиш» кампаниясини уюштирган. Бу ҳақда АҚШ Миллий разведкаси директори бошқармаси ҳисоботида маълум қилинди, деб ёзади Meduza.

Фото: Getty Images

Разведка маълумотларига кўра, Россия раҳбарияти сайлов жараёнига жамоатчилик ишончини пасайтириш, Дональд Трампни қўллаб-қувватлаш ва Қўшма Штатлардаги ижтимоий-сиёсий келишмовчиликларни кучайтиришга қаратилган «таъсир операцияларини» ўтказган. Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, ушбу ҳаракатларга Россия президенти Владимир Путин рухсат берган.

Шу билан бирга, ҳисоботда разведка хизматининг Россия томонидан сайловлар инфратузилмасига нисбатан ҳеч қандай киберҳужумлар қайд этмагани таъкидланган.

Разведка маълумотларига кўра, бошқа мамлакатлар ҳам сайловларга аралашган, хусусан, Эрон, Куба, Венесуэла, аммо уларнинг таъсири минимал даражада бўлган. Разведка сайловларга Хитойнинг аралашувидан асар ҳам топмади: ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, Пекин сайловга аралашув аниқланган тақдирда салбий оқибатлар келиб чиқиши туфайли бундай ҳаракатлардан воз кечишга қарор қилган.

Маълумот учун февраль ойи охирида АҚШ Россияга қарши бир неча ҳафта ичида санкциялар жорий қилиши мумкинлигини айтди. Оқ уй экспертлар бошқа масалалар қатори, Москванинг сайловларга аралашувини ўрганаётганини таъкидлади, агар бу тасдиқланса, янги чекловлар учун сабаблардан бири топилади.

АҚШ разведкаси раҳбари Жон Ретклифф 2020 йилнинг октябрь ойида Россия ва Эроннинг мамлакатдаги президентлик сайловларига аралашишга уринаётганини эълон қилган эди. Москвада бу айбловлар «мутлақо асоссиз» деб аталган.

Аввалроқ АҚШ ФҚБ президент сайловига аралашишда айбланаётган россиялик ҳақидаги маълумот учун 250 минг доллар мукофот ваъда қилган эди.