Афғонистон ва Покистон ҳудудларида ташкил этилган халқаро террорчилик ташкилоти сафларига бориб қўшилиб, кейинчалик Афғонистон ҳудудига ўтган, шунингдек, ушбу ҳудудда яшаган шахсларнинг бир гуруҳи «Меҳр-4» операцияси доирасида Ўзбекистонга олиб келинди.
Сурхондарё вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, Афғонистоннинг ҳамкор ташкилотлари кўмагида олиб келинган 24 нафар шундай шахслар Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳудудида жойлашган «Айритом» чегара пости орқали кутиб олинган.
Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, вилоят ҳокимияти, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирокида Термиз туманидаги даволаш ва соғломлаштириш маркази биносига жойлаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур даволаш ва соғломлаштириш маркази барча шарт-шароитларга эга бўлиб, шай ҳолга келтирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон раҳбарияти «Меҳр» инсонпарварлик операциясини илк бор 2019 йил май ойи охирида амалга оширган, ўшанда 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар Uzbekistan Airways’нинг Сурия пойтахти Дамашқдан амалга оширилган махсус рейси билан Ўзбекистонга олиб келинган эди.
Кейинчалик ушбу операция давомида Ўзбекистон томони маълум бир қийинчиликларга дуч келгани аён бўлган эди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир давлат Суриядан ўзбекларни олиб қайтиш учун борган Ўзбекистон самолётини уриб тушириш билан таҳдид қилганини маълум қилган.
2019 йилнинг октябрь ойида эса Яқин Шарқдаги можаролар ҳудудидан ўзбекистонликларни қайтариш бўйича иккинчи махсус операция амалга оширилган. 2020 йилнинг декабрида учинчи махсус операция амалга оширилиб, Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.