Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Даврон Ҳидоятов хизмат уйига кўчиб кирганига бир ҳафта бўлмай чироқ ўчганини маълум қилди, деб ёзмоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
«Суриштирсам, қарздорлик бор экан. Мендан аввал бу уйда яшаганлар электр ҳақини тўламаган. Менга айтишдики, фармойиш билан ҳокимият ҳисобидан бу қарздорликни бартараф этиш мумкин... Нега? Ҳокимият уй-жой билан таъминлаши мумкиндир, лекин коммунал хизматга тўловни у ҳоким бўладими, прокурор бўладими, шахсан ўзи амалга ошириши керак. Нега амалдор ишлатган электр бюджетдан, халқ пулидан қопланиши керак? Мен бунақа фармойишларга қўл қўймайман», — деган Даврон Ҳидоятов.
Эслатиб ўтамиз, Даврон Ҳидоятов Президентнинг 30 январдаги фармони билан лавозимидан озод этилган Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг ўрнига вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Тайинловга қадар у Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Барҳаёт Мелиев, ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига Зуҳра Мирғозиева тайинланди.