Фарғона вилоятининг Фарғона туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди, деб хабар беради вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 23 февраль куни фуқаро Қ.Ш. Lacetti-2 ни Водил—Фарғона автомобиль йўлининг 7 километрида бошқариб кетаётиб, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи С.И. бошқарувидаги Matiz билан тўқнашиб кетган.
Matiz автомобилидан учқун чиқиб, ёнғин содир бўлиши оқибатида йўловчи аёллардан бири ҳодиса жойида вафот этган.
Шунингдек, Matiz’нинг яна бир йўловчиси шифохонада вафот этган. Иккала автомобиль ҳайдовчилари жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Lacetti-2 ҳайдовчиси Қ.Ш. процессуал тартибда ушланган.
Аввалроқ Фарғонада MAN ва Nexia иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)