АҚШ президенти Жо Байден 24 февраль, чоршанба куни ўзидан аввалги давлат раҳбари Дональд Трампнинг яна бир фармонини — мамлакатга айрим тоифадаги чет элликларнинг киришини тақиқловчи ҳужжатни бекор қилди, деб ёзади Оқ уй матбуот хизматига таяниб, «РБК».

Фото: Getty Images

Ўтган йилнинг апрелида Трамп COVID-19 пандемияси даврида Америка меҳнат бозори учун хавф туғдирадиган чет элликларнинг АҚШга киришини тақиқловчи ҳужжатни имзолаган эди. Кейинчалик собиқ президент фармон муддатини икки маротаба узайтирган.

Байден ҳужжат АҚШ манфаатларини ҳимоя қилмаслигини айтиб, унинг амал қилишини тўхтатди. «Бу АҚШга зарар етказади, шу жумладан, АҚШ фуқаролари ва қонуний резидентлари оила аъзоларининг ўз оилалари қайта бирлашишига халақит беради. Бу, шунингдек, АҚШ иқтисодиётининг турли мамлакатлардан келган мутахассислар ишлайдиган тармоқларига ҳам зарар етказади. Ва бу ҳар йилги лотерея доирасида иммиграцион визаларни қўлга киритган одамларга ҳам зарар келтиради», — дея ўз позициясини изоҳлади давлат раҳбари.

Лавозимига киришганидан кейин Байден Трамп томонидан қабул қилинган бир нечта фармонларни бекор қилди. Февраль бошида у Мексика билан чегарани ноқонуний кесиб ўтган ота-оналар ва болаларни қайта бирлаштириш ҳақида фармойиш берганди. Бундай амалиётни Трамп «муҳожирларга нисбатан нол толерантлик» сиёсати доирасида жорий қилган.

Кейинроқ Давлат департаменти БМТ ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгашига қайтиш ниятини маълум қилди, ундан Трамп мамлакатни уч йил аввал олиб чиққан эди. 19 февраль куни Байден АҚШни иқлим бўйича Париж битимига қайтарди, у эса атмосферага углерод ажратиб чиқаришни камайтириш ва саноатни модернизация қилишни кўзда тутади.

Шу куниёқ Вашингтон аввалги президентнинг Эронга қарши санкцияларни қайта тиклаш ҳақидаги БМТга киритилган арзномасини қайтариб олди. Трамп даврида АҚШ «ядро битими»дан чиқиб, Теҳронга санкциявий босимни яна бошлаган эди. Байден Эрон билан битимни қайта тиклашга тайёрлигини билдирди.