Грузия коронавирус пандемияси туфайли киритилган бир қатор чекловларни бекор қилади. Бу ҳақда бош вазир Иракли Гарибашвилига таяниб «Korrespondent.net» хабар қилди.
Қайд этилишича, мамлакат 1 мартдан бошлаб COVID-19’нинг манфий тест натижасига эга чет эллик сайёҳлар учун чегараларни очади.
«Ҳукумат шаҳарлараро транспортлар ҳаракати чекловларини 25 февралдан бекор қилади. Шунингдек, 25 февралдан тоғли курортларда меҳмонхоналар очилади. Ресторанлар ва умумий овқатланиш шохобчалари Батумида 1 мартдан бошлаб дам олиш кунларидан ташқари ишлаши мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб эса бу чекловлар 8 мартда олиб ташланади», — деди Гарибашвили.
Шу билан бирга, бош вазир таъкидлашича, соат 21:00 дан 05:00 гача ҳаракат чеклови амалда қолади. Шунингдек, 1 мартдан музейлар ва кутубхоналар фаолиятига рухсат берилади, 15 мартдан эса талабалар университетга қайтишлари мумкин.
Гарибашвили мамлакат сайёҳлар учун очилаётганини қўшимча қилди. 1 мартдан бошлаб Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия ва Беларусь фуқаролари ПЦР тестининг манфий натижалари тақдим этилгандан сўнг Грузияга киришлари мумкин.
«Грузиянинг қуруқликдаги чегаралари чет эл фуқаролари учун ёпиқ бўлиб қолмоқда», — деди бош вазир.
Бундан аввал Буюк Британияда COVID-19 сабаб эълон қилинган асосий чекловлар июнь ойи охирида бекор қилиниши мумкинлиги, Швецияда коронавирус сабаб жорий қилинган чекловлар 7 мартга қадар узайтирилгани ҳамда Туркия ва Швейцарияда март ойидан бошлаб COVID-19 чекловлари юмшатилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)