Samsung Electronics компанияси Патентлар ва товар белгилари бюросига юқори панели битта ўқда иккала йўналиш бўйлаб ҳаракатлана оладиган янги смартфонининг ҳужжатларини топширди, деб хабар беради IXBT.
Йиғилган ҳолатда смартфон оддий моноблок кўринишида, бироқ юқори панели пастга силжитилса, фойдаланувчилар фронтал камерага эга бўлади. Экран юқорига силжитилган тақдирда у ерда AKG мутахассислари томонидан созланган катта динамикка дуч келиш мумкин.
Дизайнер Sarang Shet патент тасвирларидан фойдаланган ҳолда LetsGoDigital билан биргаликда бозорга Samsung Galaxy А82 номи остида чиқадиган қурилмани қатор рендерлари сериясини тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда тақдим этилган Samsung Galaxy А80 сирпанадиган ва буриладиган ноёб камера конструкциясига эга бўлган эди. Бу экраннинг юқори ҳошиясини жуда ингичка қилиш имконини берган.
Миш-мишларга қарамай, Samsung Galaxy А81 смартфони тақдим этилмади. Манбаларга ишониладиган бўлса, 2021 йилда Samsung ноёб дизайнга эга Galaxy А82’ни тақдим этиши мумкин, бироқ ҳозирда ушбу маълумотлар шунчаки миш-миш сифатида баҳоланмоқда.
Аввалроқ Xiaomi ноодатий дизайнга эга «смартфон-слайдер»ни намойиш этгани, шунингдек, Vivo силжийдиган камерага эга янги флагманини тақдим этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)