Ўзбекистон Airbus Helicopters компаниясидан вертолётлар сотиб олмоқчи. Бу ҳақда 23 февраль куни транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда Аирбус International компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Жак Гарриг ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида маълум қилинди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги.

Фото: Uzbekistan Airways АЖ

Музокаралар давомида республика ушбу ҳаво транспорт турида қатновларни йўлга қўйиш орқали мазкур йўналишда Марказий Осиё минтақаси бозорида етакчи иштирокчига айланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилган. Ушбу йўналишни ривожлантиришда хорижий давлатларнинг вертолётлар эксплуатацияси ва учувчилар учун тренинглар ўтказиш бўйича тажрибаларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Airbus International компанияси вакиллари аэропортларни бошқариш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдирган. Учрашув давомида француз томони 2021 йилнинг май ойида Франция савдо вазирининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётганини маълум қилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Qanot Sharq Airlines хусусий авиакомпанияси Американинг иккита Аирбус А320-200 самолётини ижарага олгани тўғрисида хабар берилганди.