Тошкент вилоятида 45 кун ичида маст ҳолда автомобиль бошқарган мингдан ортиқ ҳайдовчига чора кўрилди. Бу ҳақда вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ва қуйи тизим ходимлари томонидан йўл-транспорт ҳодисалари ва турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар, ўтказилган рейдлар давомида кўпгина ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, чора кўрилган.

Жумладан, вилоят ҳудудида бир кунда ўртача 20 тадан кўп, айрим кунлари 50 нафаргача ҳайдовчи маст ҳолда транспорт бошқаргани аниқланган ва тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ҳозирда бу кўрсаткич йил бошидан буён 1017 тани ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимлик, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши – БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солишга ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил-у 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жами 1962 киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.