Ўзбекистон Ғузор–Регар электр узатиш тармоғини қайта тиклаши ҳақида 2020 йил сентябрь ойида хабар берилганди. Бу бўйича режалаштирилган ишлар бошланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.
Маълум қилинишича, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» томонидан «Ўзбекистонда 500 киловаттли Ғузор–Регар (Л-507) электр узатиш тармоғини тиклаш» инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Айни пайтда лойиҳа доирасида 500 киловаттли Ғузор–Регар электр узатиш тармоғининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги 63 километр узунликдаги қисмини қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу ишлар 2021 йилнинг тўртинчи чорагида якунланиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, лойиҳа Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомаси асосида амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика тизимларининг параллел ишлаши вақтида электр энергияси ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан аввал Ўзбекистонда электр энергетика соҳасидаги стандартлар қайта кўриб чиқилиши, Энергетика вазирлиги Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси бўйича изоҳ бергани ҳамда Masdar компанияси Навоийда қуёш фотоэлектр станцияси қуришни бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)