Ўзбекистондаги Carrefour савдо тармоғи бошқарадиган Majid al-Futtaim Hypermarkets Тошкентдаги йирик савдо майдонини тақсимлаш билан боғлиқ баҳсли вазият шароитида таъсисчилари ва Akfa Group билан муносабатларига аниқлик киритди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».
Январь ойида Carrefour брендини бошқарадиган Дубайнинг Majid al-Futtaim компанияси Samarqand Darvoza ва Compass’га эгалик қиливчи UzOman фонди билан ушбу савдо-кўнгилочар марказларида Маkrо дўконлари ўрнда гипермаркетларни очиш тўғрисида шартнома имзолаганини эълон қилди. Маkrо супермаркетлар тармоғи бошқарувчиси Роман Сайфулин буни Маkrо ва унинг харидорлари учун кутилмаган «совға» бўлганини айтганди.
2019 йилнинг октябрида Majid al-Futtaim Akfa Group билан Тошкентда 7 та супер ва гипермаркетларни очиш тўғрисида шартнома имзолади. Улар Akfa эгалик қиладиган объектларда жойлаштирилади.
Ўзбекистондаги Carrefour савдо тармоғи бошқарадиган Majid al-Futtaim Hypermarkets МЧЖ БАА Majid al-Futtaim компаниясининг 100 фоиз шўъба корхонаси. Бу ҳақда компаниянинг 9 февраль куни эълон қилган баёнотида маълум қилинди.
Majid al-Futtaim ўз навбатида дунёнинг 30 дан ортиқ, шу жумладан, Яқин Шарқ, Африка ва МДҲ мамлакатларида эсксклюзив ҳуқуқларга эга Франциянинг Carrefour чакана савдо компаниясининг франчайзинг шериги.
Бугунги кунда компания ҳар куни 750 мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиб, дунёнинг 17 мамлакатидаги 320 та дўконни бошқаради. Ўзбекистон ҳозирда учта Carrefour супермаркети фаолият юритаётган 17-давлатга айланди.
«Akfa Group ва Ўзбекистондаги бошқа чакана кўчмас мулк эгалари билан ҳамкорликка келсак, бу ҳамкорлик узоқ муддатли ижарага асосланган бўлиб, унга мувофиқ компаниямиз Carrefour дўконларини замонавий ритейлернинг юқори стандартларига мувофиқ очиш ва оператив бошқариш учун савдо биноларини ижарага олади», — дейилади компания баёнотида.
Шунингдек, Ўзбекистонда Carrefour савдо тармоғини кенгайтириш бўйича катта режаларни ҳисобга олган ҳолда, Carrefour ижарага берувчи шериклар рўйхатини кенгайтириш устида иш олиб бораётгани ва кейинги савдо дўконларини жойлаштириш учун турли истиқболли майдонлар кўриб чиқилаётгани таъкидланган.
Баёнотда айтилишича, компаниянинг асосий мақсади — Ўзбекистондаги истеъмолчиларга халқаро стандартларга ва Carrefour’нинг энг яхши чакана тажрибаларига мувофиқ чакана хизматларни тақдим этиш, иш ўринларини яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш.
«Таъкидлаш жоизки, турли мамлакатларда фаолият юритиб, биз доим маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарга чуқур ҳурмат билан қараймиз ва ўз фаолиятимизни ҳудуддаги қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда олиб борамиз», — деб якунланган Majid al-Futtaim Hypermarkets баёноти.
Компания баёноти Маkrо ва Samarqand Darvoza компаниялари ўртасида ижара масаласидаги келишмовчиликлар кучайган бир пайтда эълон қилинди. Carrefour савдо тармоғи Compass ва Samarqand Darvoza’даги Макро супермаркетлари ўрнида очилишини Маkrо супермаркетлар тармоғи бошқарувчиси Роман Сайфулин «кутилмаганда содир бўлди» дея таърифлаганди.
28 январь куни Samarqand Darvoza савдо-кўнгилочар маркази ходимлари Маkrо супермаркетлари тармоғининг савдо зали ва омборхонадаги электр энергияси таъминотини узиб қўйгани маълум бўлди. Компаниядагилар Samarqand Darvoza’даги Маkrо ўз фаолиятини тўхтатгани, тез бузиладиган маҳсулотлар олиб чиқиб кетилгани, 300 дан ортиқ одам ишга чиқмай қўйгани, тармоқ чиқимлар қилаётгани, юзлаб мижозлар эса ноқулайлик ҳис қилаётганини таъкидлаганди.
Шунга қарамай, Маkrо ижара шартномасини узайтиришга қарор қилди, аммо рад жавобини олди. Зиддиятни ўзаро келишув орқали ҳал қилиб бўлмагани сабабли Маkrо супермаркетлар тармоғи Samarqand Darvoza’ни судга берди.
Изоҳ (0)