АҚШ президенти Жо Байден миграцияга оид бир нечта фармонларни имзолайди. Бу ҳақда 2 февраль куни Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотномага таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: The Washington Post

«Бугун администрация иммиграция тизимини тиклаш ва мустаҳкамлаш учун амалга ошириладиган бир қатор қўшимча чора-тадбирларни эълон қилади», — дейилади хабарда.

Хусусан, Байден администрацияси Дональд Трамп президентлиги даврида айрилган мигрантлар оилаларини бирлаштириш учун ишчи гуруҳ тузишга топшириқ берди. Шунингдек, бошпаналарнинг адолатли тизимини яратиш ва АҚШ жанубий чегарасидаги тартибга солинмайдиган миграция муаммосини ҳал қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилган.

Axios ахборот порталининг ёзишича, ушбу фармонлар билан Байден собиқ президент Трамп томонидан қўйилган чекловларни бекор қилиб, миграция сиёсати йўналишини ўзгартира бошлайди.

«Трамп администрациясининг чегарадаги сиёсатда тартибсизлик, шафқатсизлик ва чалкашликларни келтириб чиқарди. Бугун Байден ва Харрис аввалги администрация томонидан амалга оширилган энг талафотли чораларни бекор қилишни бошлайди», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Байден президентликнинг биринчи куниёқ Трампнинг энг баҳсли фармонларини бекор қилди. Хусусан, мусулмон мамлакатлар аҳолиси учун чекловни олиб ташлади, Мексика билан чегарада девор қурилишини тўхтатди, АҚШга баъзи ночор мамлакатлар фуқароларининг киришига рухсат берди.