Япония бош вазири Ёсихидэ Суга карантин чекловларига қарамай, тунги клубларга ташриф буюрган амалдорлар учун узр сўради, деб хабар бермоқда Reuters.

Фото: Reuters

Таъкидланишича, Япония ҳукумати ресторан ва барларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилишини эълон қилганига қарамай, ҳукмрон коалициянинг бир неча расмийлари тунги клубларга ташриф буюрган.

«Одамлардан кечки соат саккиздан кейин уйдан ташқарида овқат емасликларини ва кераксиз сайрлардан сақланишларини сўраганимизда бу ҳолат содир бўлганлигидан жуда афсусдаман. Ҳар бир қонун чиқарувчи жамоатчилик ўша қонунни яхши тушуниши учун ўзини муносиб тутиши керак», – деди Суга.

Маълумот учун, ҳукмрон Либерал-Демократик партиядан катта депутат Жун Мацумото 25 декабрь куни Токионинг Гинза туманидаги иккита тунги клубга борганини очиқ тан олган.

«Биз бошқа одамлардан сабр қилишни сўраганимизда менинг хатти-ҳаракатларим нотўғри эди», – деган депутат.

Эслатиб ўтамиз, январь ойининг бошида Токиода коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилганди. Унга кўра, Токио аҳолисидан иложи борича уйда ўтириш ва товарларга интернет орқали буюртма бериш сўралади. Ресторан ва барларда фақат 20:00 гача ишлаш мумкин бўлади, уларга спиртли ичимликларни сотишга 19:00 гача рухсат берилди.

Дўконлар, кўнгилочар ва спорт иншоотларининг иш вақти ҳам қисқартирилади. Компанияларга ходимларни масофавий ишлашга имкон яратиш ёки корхоналарда сменали ишни жорий этиш тавсия этилади. 5000 дан ортиқ одам иштирок этадиган оммавий тадбирлар тақиқланади.

Мактаблар, баҳорги локдаундан фарқли ўлароқ, ўз фаолиятини давом эттиради. Университет имтиҳонлари ҳали бекор қилинмайди.

Чекловларни бузганлик учун жазо йўқ, лекин қоидабузарлар очиқчасига омма олдида сазойи қилинади.

Аввалроқ Японияда коронавирус фонида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ўн йил ичида биринчи марта кўпайгани ҳамда Япония мамлакатда коронавируснинг янги тури аниқлангани сабабли ўз чегараларини ёпгани ҳақида хабар берилганди.