Япониянинг Хонсю оролига ёққан қор оммавий аварияга сабабчи бўлди. Мияги префектурасининг Тохоку шоссесида 140 га яқин автомобиль йўл-транспорт ҳодисасини содир этиб, автомобиллар ҳаракатини буткул тўхтатиб қўйди, деб хабар беради Motor.
Ўнлаб енгил ва юк машиналардан иборат 1-2 километрли тирбандлик тасвирланган видео YouTube’даги Fuji News Network телетармоғи каналида пайдо бўлган. Автомобильларнинг аксариятига жиддий шикаст етган.
Маълумотларга кўра, авария маҳаллий вақт билан пешинда содир бўлган, унинг оқибатлари эса кечки соат 20:00 ларга бориб тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса жойига етиб келган қутқарувчилар жабрланувчиларга ёпинчиқлар ва биринчи эҳтиёж учун керак бўладиган бошқа буюмларни тарқатган.
Машиналарда жами 200 киши қамалиб қолган, уларнинг 19 нафари энг яқин атрофдаги шифохонага жўнатилган. Уч киши жиддий жароҳат олган, ЙТҲнинг бир нафар иштирокчиси эса вафот этган.
Япония метеорология агентлигининг маълумотларига кўра, ЙТҲ вақтида Фурукава ҳудудидаги ҳаво ҳарорати -3,8 даражани ташкил этган, шамол тезлиги сониясига 27,8 метрга етган. Қор бўрони бошлангач атрофни кўриш ёмонлашган, маҳаллий ҳукумат тезликни 50 км/соат қилиб чегаралаб қўйган.
Аввалроқ Швейцарияда Porsche 911’ни қувиб ўтишга уринган Bugatti Chiron оммавий ЙТҲни юзага келтиргани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Олмаотада маст ҳайдовчи оммавий ЙТҲ содир этди (фото)
Изоҳ (0)