Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида видео тарқалди. ЙҲХББ ушбу хабарлар бўйича маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 19 январь куни тахминан соат 21:30 да Юзрабод ва Козева кўчалари кесишмасида иккита транспорт воситаси – 23 ёшли Исломбек Д. бошқарувидаги Damas (давлат рақами 10 Y 702 CA) ҳамда ишончнома асосида 29 ёшли Бухоро вилоятида яшовчи Бекзод Р. бошқарувида бўлган «ВАЗ-2115» (давлат рақами 10 E 017 NA) русумли автомобиллар тўқнашуви рўй берган.
ЙТҲ сабабли «ВАЗ-2115» русумли автомобиль йўловчилари – 18 ёшли бухорлик Д.Б. ва 19 ёшли М.Ж. олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Бундан ташқари, «ВАЗ-2115» ҳайдовчиси ва йўловчи 27 ёшли Бухоро вилоятида яшовчи Шаҳризод Ш. бадан шикастлари билан шифохонага етказилган.
ЙТҲнинг тахминий сабаби сифатида Damas ҳайдовчиси бурилиш вақтида тўғри йўлдан ҳаракатланиб келаётган «ВАЗ-2115» автомобилига йўл бермагани келтирилмоқда. Натижада «ВАЗ-2115» бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дарахтга урилган.
Мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бектемирда Howo юк машинаси Cobalt устига ағдарилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, Юнусободда содир бўлган ЙТҲда вафот этган боланинг укаси Президентга ҳодиса жойига светофор ўрнатилишини сўраб мурожаат қилгани ҳамда Тошкентда тўрт автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)