20 январь куни Оҳангарон тумани ҳудудида жойлашган «Янги Ангрен» ИЭСнинг 5-энергоблогида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида ёнғин келиб чиқиб, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар тарқаш ҳолати кузатилган.
Ёнғин Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жалб қилинган ҳолда бартараф этилган. Atmosфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқлаш учун эса Давлат экология қўмитасининг мобил экология лабораторияси орқали ҳаво сифати таҳлил қилинган.
Таҳлил ишларини амалга ошириш чоғида шамол тезлиги секундига 3,63-6,14 метрни ташкил этган бўлса, ҳаво ҳарорати 12,50С ни ташкил қилган.
«Ёнғин натижасида ҳосил бўлган қора тутун шамол тезлиги ва унинг ҳаракатланиши юқорига бўлганлиги сабабли корхонанинг ишлаб чиқариш ҳудудидан ташқарисида аҳоли яшаш пунктида ўтказилган таҳлил натижаларида ўлчовда бўлган ифлослантирувчи моддалар (чанг, азот оксиди, азот икки оксиди, углерод оксиди, аммиак, олтингугурт оксиди, фармалдегид, фенол, водород фториди, водород сулфиди, углеводородлар, метан) бўйича белгиланган меъёрлардан ортиқ чиқиш ҳолатлари кузатилмади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлганди. Яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳати олган. Айни пайтда улар шифохонада шифокорлар назорати остида бўлиб, аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Ҳодиса юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)