Россиялик инсайдер ва футбол шарҳловчиси Нобель Арустамян «Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродовга «Ювентус»дан қизиқиш бўлаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб ўтди.
Бу сарлавҳаларга кўпчилик кулги аралаш ёндашди — гарчи бу иш оз бўлса ҳам ҳақиқатга яқин бўлса-да. Италияда қишки трансфер ойнаси — кўпинча тахмин қилиб бўлмас исмларга бой бўлади. Айниқса, ҳозирги «Ювентус» мисолида. Яқинда клуб Хитойда аллақачон ўз даражасини тушириб юборган 35 ёшли Грациано Пелле билан боғланди. Пелленинг тенгдоши, 6 йил аввал Туринда тўп тепган Фернандо Льоренте ёки ундан ҳам ёши катта Фабио Куальяреллага қизиқиш билдирилди.Аввалроқ Tuttosport нашри «Ювентус» ўзбекистонлик футболчига қизиқиш билдираётгани ва унга Альваро Моратанинг ўринбосари сифатида қараётгани ҳақида хабар қилганди.«Ювентус» ҳақиқатда уларга қизиқиш билдирган. Андреа Пирло раҳбарлар олдига шарт қўйган: ҳужумчи сотиб олиш керак. Ҳозир ҳужум чизиғида яққол етишмовчилик бор: Роналду, Мората, Дибала бор, бошқа ҳеч ким йўқ.
Шомуродов ҳақидаги миш-мишларга ишониш мумкинми?
Афсуски, Tuttosport Италиядаги энг обрўли газеталардан эмас: кўпинча текширилмаган ахборотни тарқатади ва адашади. Бошқа томондан бу — Турин матбуоти. Улар «Ювентус» ҳақида нафақат конкрет маълумот беради, балки, клуб ичидаги муҳокамалардан хабардор.
Ҳайратланарли, бироқ Tuttosport 2018 йилнинг баҳорида Роналдунинг «Ювентус»га ўтишини биринчилардан бўлиб ёзганди. Ўшанда кўпчилик бунга эътибор қаратмаганди, оқибатда эса трансфер амалга ошди.
Шундай экан, уларда фақат фейк хабарлар бўлмайди. Ишончим комил: Шомуродов фамилияси клуб муҳокамаларда янграган.
Иккинчи фактор — агентлар Валерио ва Габриэле Жуффрида. Ака-укалар Алексей Миранчукнинг «Аталанта»га трансферида иштирок этганди. Улар Шомуродовнинг «Женоа»га келишига ҳам кўмаклашган. Иккиси ҳам «Ювентус» директори Фабио Паратичи билан илиқ муносабатда. Ҳозирда улар Шомуродовнинг вакили ҳисобланган ProSport Management билан ҳамкор ҳисобланади.
Яна бир гап, Элдор «Женоа»да муносиб ўйин кўрсатмоқда. У Генуяда атиги бир неча ой ичида жамоанинг энг яхши ҳужумчиларидан бирига айланди, гарчи бор-йўғи иккита гол урган бўлса ҳам.
Фикримча, Шомуродовнинг айни дамда «Ювентус»га йўл олиши — эҳтимолдан йироқ ҳолат. Сабр қилинг ва клуб атрофида яна-да ажабланарли исмларни эшитасиз.
Мен ProSport Management президенти Герман Ткаченко билан боғландим. У «Ювентус» томонидан қизиқиш бўлаётганига шарҳ беришни истамади. Бироқ унинг фикрича, айни дамда Шомуродовга трансфер керак эмас. У эндигина «Женоа»да ўз ўйинини топиб олди, унга Генуяда максимал даражада қулайлик бор.
Якунда Ткаченко шундай фикр билдирди: «Агар Элдор шу тариқа ўйнашда давом этса, у ҳолда вақт ўтиши билан албатта Италиянинг каттароқ клубида пайдо бўлади».
Нобель Арустамян, инсайдер, футбол шарҳловчиси
Қайд этиш жоиз, «Женоа» Элдор Шомуродов трансферини 2020 йил 4 октябрида эълон қилган. Генуяликлар ҳужумчи учун «Ростов»га бонуслар билан бирга ҳисоблаганда 9 миллион евро тўлаши айтилганди.
Ўзбекистонлик форвард «Женоа» сафида ҳозирга қадар 11 та ўйинда қатнашиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)