Испания Ла Лигаси 18-туридан ўрин олган «Атлетико» ва «Атлетик Бильбао» жамоалари ўртасидаги учрашув қолдирилди. Бу ҳақда ҳар икки клубнинг матбуот хизматлари ва Ла Лига маълум қилди.
Бунга сабаб қилиб Мадриддаги ноқулай об-ҳаво шароити кўрсатилган. 8 январь куни билбаоликлар клуби вакилларини Мадридга олиб келган самолёт аэропортга қўна олмаган ва Бильбаога қайтиб кетганди.
Шторм сабаб Испаниянинг айрим жойларида қор бўронлари кузатилмоқда. Маълум бўлишича, кун давомида Мадриддаги аэропорт ёпиқ бўлади. Шу сабаблар ва майдон ўйнаб бўлмас даражага келгани боис ҳар икки томон учрашувни қолдиришга қарор қилган ҳамда бу борада Ла Лигага илтимоснома юборган. Ла Лиганинг мусобақалар ўтказиш бўлими ўйинни қолдиришга рухсат берган.
Мадриддаги ёғингарчилик миқдори 20 сантиметргача бориши кутилмоқда. Шаҳарда тревоганинг қизил даражаси эълон қилинган.
Ўйин 9 январь куни маҳаллий вақт билан 16:15 да (Тошкент вақти билан 20:15) бошланиши режалаштирилганди. Ўйиннинг янги санаси кейинроқ эълон қилиниши айтилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)