2020 йилнинг декабрида Apple ўзининг ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобилларини 2024 йилдан бошлаб тақдим этишни режалаштираётгани маълум бўлганди. IXBT’нинг Bloomberg нашрига таяниб ёзишича, Apple лойиҳаси устида ҳозирча кичик бир жамоа иш олиб бормоқда.
Айни вақтда ишлар бошланғич нуқтада бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларига қадар беш йил ўтиши керак.
Hyundai вакили билан гаплашишга муваффақ бўлган CNBC телеканалининг маълум қилишича, у Apple билан автомобиль яратиш бўйича музокаралар ростдан ҳам ўтказилаётганини тасдиқлаган. Манбаларнинг сўзларига кўра, Apple жаҳондаги кўплаб йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилар билан, жумладан, Hyundai Motor билан музокаралар ўтказмоқда. Айни вақтда музокараларнинг дастлабки босқичи давом этмоқда ва «ҳозирча ҳеч нарса ҳал этилмаган».
Эслатиб ўтамиз, компания автопилотни синовдан ўтказиш бўйича рухсатномани 2017 йилда қўлга киритган. Компания ўз автомобилини яратишга тайёрланаётгани тўғрисидаги миш-мишлар камида 5 йил олдин тарқалишни бошлаган. Хусусан, 2015 йили Apple 2019 йилгача ўз электромобилини тақдим этиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)