Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жойлашган ётоқхонада 13 нафар ўсмир ис газидан заҳарланди. Бу ҳақда вилоят ССБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 19 декабрь куни соат 06:50 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига ис газидан заҳарланган 13 нафар ўсмир келтирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Қарши шаҳридаги хусусий ўқув марказларидан бирига тегишли ётоқхонада газ билан ишлайдиган иситиш қозонидаги носозлик мазкур нохуш ҳодисага сабаб бўлган.
Таъкидланишича, ўсмирларнинг ҳаммаси ўғил бола. Уларнинг энг кичиги 11, энг каттаси 14 ёшда. Заҳарланганларнинг 3 нафари оғир, 5 нафари ўрта оғир ҳолда шифохонага келтирилган, қолганларига амбулатор шароитда тиббий ёрдам берилган. Кўрсатилган тиббий хизматдан кейин уларнинг барчасининг аҳволи яхшиланган.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда бир оиланинг 4 нафар аъзоси ва 2 нафар меҳмон ис газидан заҳарланиб вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: «Ис гази ва чақнашлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг ортиб бораётгани ҳар бир раҳбарни ўйлантириши керак» — Шавкат Мирзиёев
Изоҳ (0)