Россиянинг Caviar компанияси Стив Жобснинг водолазкаси ва кроссовкасининг парчалари жойлаштирилган iPhone 12 Pro’ни сотувга чиқарди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Мазкур коллекция iPhone 4 тақдим этилганининг ўн йиллигига бағишланган. Эксклюзив версияли смартфоннинг марказий элементидан Жобснинг машҳур водолазкасининг оригинал парчаси ўрин олган. У Apple эмблемаси ичига жойлаштирилган, унинг пастроғига эса компания асосчисининг имзоси туширилган.
iPhone 12 Pro Жобс 4 линейкасида учта модель ўрин олган. Улардан бири мустаҳкам қора титандан, иккинчиси — G10 оқ композициясидан ишланган бўлиб, олма эмблемаси 925 пробали кумуш билан қопланган. Ушбу моделлар дизайни ҳақиқий қора ва оқ iPhone 4’ларнинг дизайнини такрорлайди. Ҳозирга қадар кўплаб фойдаланувчилар, ушбу моделнинг дизайнини iPhone тарихидаги энг муваффақиятли деб ҳисоблайди.
Caviar смартфонининг учинчи версияси «люкс» бўлиб, ундаги Apple эмблемаси 750 пробали соф олтиндан ишланган. Олтин версияси — компаниянинг Apple’ни афсонавий линейкасига ўз қараши ҳисобланади.
Шунингдек, коллекциядан Стив Жобснинг New Balance кроссовкалари ҳам ўрин олган. Жобс кроссовкаларнинг тўртта версиясини кийгани маълум — 990, 991, 992, 993. Caviar 991 моделидан фойдаланган, чунки Жобс айнан ундан кўпроқ фойдаланган. Кроссовкаларга Стив Жобснинг машҳур ибораси — «Think different» туширилган ва у титан билан безатилган.
Смартфонларнинг ҳар бири чекланган миқдорда — 10 нусхадан ишлаб чиқарилиб, уларнинг нархи 394 минг рублдан (5388 доллар) бошланади. Кроссовкалар эса 99 минг рублдан (1354 доллар) сотилади.
Caviar компанияси бунга қадар смартфон-танк — iPhone Т-34’ни, Россия президенти Владимир Путиннинг портрети ва имзоси акс эттирилган iPhone 6s’ни, АҚШ президенти Дональд Трамп шарафига тилла iPhone 7 каби ноёб моделларни тақдим этган.
Изоҳ (0)