Америкалик синовчи-учувчи Чак Егер 7 декабрь куни 97 ёшида вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг рафиқаси Виктория Егер Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилди. Оиланинг дўсти Жон Николетти ушбу маълумотни The New York Times’га тасдиқлаган.
Чак Егер Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган профессионал учувчи ҳисобланади. У уруш вақтида жами 13 та душман самолётини уриб туширган. Егер умри давомида 150 дан ортиқ ҳарбий самолётда парвоз қилган бўлиб, ҳавода ўтказган вақти умумий ҳисобда 10 минг соатдан ошади.
Егернинг энг машҳур парвози 1947 йилнинг 14 октябрида — Белл Х-1 тажриба самолётида тарихда биринчи бўлиб товушдан тез ҳаракатланганида амалга оширилган. Бу ака-ука Райтларнинг 1903 йилдаги парвози ва Чарльз Линдбергнинг Атлантика океани устидан учиб ўтгани (1927 йил) каби авиация тарихида муҳим аҳамиятга эга.
Чак Егер 1979 йилда чоп этилган Том Вулфнинг The Right Stuff китоби ва шу номда 1983 йилда суратга олинган фильмдан сўнг, АҚШда машҳурликка эришган. Фильмда Егер ролини Сэм Шепард ижро этган.
Изоҳ (0)