Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2021 йилнинг биринчи чорагида COVAX механизми орқали ярим миллиард доза коронавирусга қарши вакциналарни тарқатишга умид қилмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг бош илмий ходими Сумья Сваминатанга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «РБК»

«2021 йилнинг биринчи чорагида 500 миллион доза тарқатилишига умид қиламиз», — дейди у.

COVAX — бу ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва марказлаштирилган харидларни қўллаб-қувватлаш механизми. Айни вақтида мазкур ташаббусга 180 дан ортиқ давлат қўшилган. Дастур шартларига кўра, юқори даромадли давлатлар сотиб олинган вакциналар ҳақини тўлаб, соҳадаги молиялаштирувчи давлатларга субсидия беради. Режа бўйича ушбу механизм доирасида 2021 йил охирига қадар 2 миллиард доза вакцина дунё бўйлаб тенг тақсимланиши керак.

Шунингдек, Сваминатаннинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида камида тўртта коронавирусга қарши вакцина фойдаланишга тайёр бўлади.

«Бизда турли босқичлардаги 150 га яқин номзод-вакцина бор. Уларнинг 50 га яқини ҳозирда клиник синовлардан ўтмоқда ва сўнгги ҳафталардаги кузатувларга кўра, камида 15 таси синовларнинг сўнгги босқичида. Яқин ойлар ичида ҳеч бўлмаганда, тўрт турдаги вакцинадан фойдаланиш мумкин бўлади», — дейди ЖССТ вакили.

Аввалроқ Pfizer йил охирига қадар режадагидан икки баробар камроқ — 50 миллион доза вакцина ишлаб чиқариши маълум бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни Россия томонидан яратилган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонга олиб келинган.