Ўзбекистонда коронавирус хавфининг нисбатан камайгани, касалликка чалинган беморлар сони сезиларди даражада қисқаргани сабаб инфекцияни даволаш билан шуғулланаётган бир неча шифохоналар одатий иш режимига қайтмоқда.

Фото: «Дарё»

ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, яна учта шифохона: Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, Тошкент шаҳар перинатал маркази ва Тошкент шаҳар 3-сон юқумли касалликлар шифохонаси ўз йўналиши бўйича дастлабки тартибда фаолиятини давом эттиради.

Ушбу шифохоналар 2 декабрдан бошлаб коронавирусга чалинган беморларни қабул қилишни тўхтатади, касалхоналардаги даволаниш давом эттирилиши талаб этиладиган беморлар тегишлилиги бўйича 1 ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.

Беморлар чиқарилгандан сўнг муассаса ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилади ва эпидемияга қарши чоралар кўрилиб, мавжуд тиббий жиҳозлар консервация қилинади. Инфекцияни даволашда қўлланилаётган дори воситалари захира сифатида сақланади.

Аввалроқ 15 мартдан буён COVID-19 беморларини даволаш билан шуғулланган Вирусология илмий текшириш институти клиникаси одатий иш фаолиятига қайтгани, Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманидаги COVID марказлари ёпилгани, Тошкентдаги айрим тақсимлаш марказлари ёпилаётгани ҳақида хабар берилган эди.