«Ҳудудгаз Рақамлаштириш» корхонаси томонидан тажриба тарзида истеъмолчиларга ишлатилган табиий газ учун юзага келган қарзни тўлаш зарурлиги ҳақида SMS хабарлар юборилди.
Қайд этилишича, дастлабки 3450 та хабар Тошкент вилояти туманлари аҳолиси томонидан қабул қилиниб, мазкур SMS хабарлардан сўнг бир кун ичида вилоят аҳолиси томонидан истеъмол қилинган табиий газ учун 50 миллион сўмга яқин тўловлар амалга оширилди.
Газ истеъмолчиларини SMS хабарлар орқали хабардор қилиш имконини берувчи замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиш самарадор эканлигини инобатга олган ҳолда, «Ҳудудгаз Рақамлаштириш» абонент хизмати мамлакатнинг бошқа ҳудудлари аҳолисига ҳам қарздорлик ҳақидаги 63 мингта SMS хабар юборган.
«‘Ҳудудгазтаъминот’ барча истеъмолчилардан фойдаланилган табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишни сўрайди. Бунинг учун энди газ таъминоти ташкилотларига боришга ҳожат йўқ. Газ учун тўловларни Payme, Click, Paynet электрон тўлов тизимлари, шунингдек, жойлардаги тижорат банкларининг тўловларни қабул қилиш пунктлари орқали амалга ошириш имконияти яратилди», — дейилади хабарда.
«Ҳудудгазтаъминот» ҳозирги вақтда табиий газ истеъмолчиси шахсий кабинети hududgaz.uz сайтида синовдан ўтказилаётгани, бу хизмат орқали абонентлар мавжуд қарзлар, газ истеъмоли ҳажми, олдиндан тўловлар ва уларни амалга ошириш ҳақида маълумотларга эга бўлишлари мумкинлигини маълум қилган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)