Жиззах шаҳрида Lacetti русумли хизмат машинасида қоида бузган ЙПХ ходимига чора кўрилди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 2 декабрь куни ижтимоий тармоқда «ЙПХ ходими қоидани бузди» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалган.
Видеолавҳада Жиззах шаҳрида вилоят ИИБ ЙҲХБга тегишли Lacetti русумли, давлат рақами 25 226 VSF бўлган махсус хизмат автомашинаси пиёдалар ўтиш жойидан олдин чизилган 1.1 (қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт оқимларини ажратади, йўлнинг хавфли жойларидаги ҳаракатланиш бўлаги чегарасини, йўлнинг кириш тақиқланган қисми чегарасини, транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойи чегарасини ҳамда автомагистрал қаторига киритилмаган йўлнинг қатнов қисми чегарасини билдирувчи чизиқ) йўл ётиқ чизиғини босиб ҳаракатлангани акс этган.
Қайд этилишича, ҳолат ўрганилган ва Lacetti русумли, 25 226 VSF давлат рақам белгили махсус хизмат автомашинаси бириктирилган ҳайдовчи ходимга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилган.
Аввалроқ Тошкентда йўл қоидасини бузган ЙПХ ходими жаримага тортилгани, Сурхондарёда «Тўхташ тақиқланади» белгиси остида қолдирилган ИИБга қарашли Lacetti ҳамда Captiva’га жарима белгилангани ҳамда Сирдарёда бировнинг хотинини йўлдан ургани айтилган Тошкент вилояти ЙҲХБ ходими ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)