Ҳиндистоннинг Уттарканд штатида 5 август куни кучли ёмғир оқибатида юзага келган сел камида 4 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Сув йўлидаги кўплаб уйларни ювиб кетди. Бу ҳақда The Times of India хабар берди.

Ҳодиса Уттарканд штатининг Уттаркаши туманидаги Дҳарали қишлоғида, Кҳир Ганга дарёсининг юқори оқимида юз берган. Айтилишича, кучли ёмғир сел оқимини юзага келтирган. Туман ҳокими Прашант Арянинг сўзларига кўра, тўсатдан келган сел ҳудудда катта талафотларга сабаб бўлган.
“Ҳудудни кучли сел босиб кетди. Ҳозирча инсонлар ва мулкларга етган зарар миқдорини аниқлаяпмиз”, деган у.
Қутқарув ишлари учун армия, миллий ва штат миқёсидаги фавқулодда вазиятларга қарши курашиш гуруҳлари сафарбар этилган. Тез ёрдам жамоалари ҳамда йўл хўжалиги бўлими ҳам воқеа жойида ишламоқда.
Сел ювиб кетган ҳудудда бир нечта меҳмонхона, ресторан ва турар жойлар мавжуд бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг айримлари бутунлай вайрон бўлган. Маҳаллий аҳоли 10–12 нафар ишчи тупроқ остида қолиб кетганини билдирган. Бундан ташқари, яна 50 нафар одам бедарак йўқолгани қайд этилган. Воқеа жойидан олинган видеоларда сел уй, дўкон ва йўлларни ювиб кетганини кўриш мумкин. Шунингдек, 18 та эчки оқиб кетгани айтилмоқда.
Фавқулодда вазият бўйича Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шаҳ ҳам Уттарканд бош вазири Пушкар Сингҳ Дҳами билан боғланиб, вазият бўйича маълумот олган. Ҳинд—Хитой чегара хизмати зудлик билан воқеа жойига юборилган. Маҳаллий об-ҳаво хизматининг огоҳлантиришига кўра, Уттаркандда, айниқса тоғли ҳудудларда 10 августгача кучли ёмғирлар давом этади. Ҳозирда Ҳарсил ва Бҳатвари шаҳарларидан қутқарув жамоалари етиб келган ва бедарак йўқолганларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)