Канаданинг Эдмонтон шаҳрида яшовчи фуқаро «Форсаж» кинофраншизасида суратга тушган машиналарнинг нусхаларидан иборат ноёб коллекцияни тўплади. Айни вақтда у коллекционер ихтиёрида 24 та автомобиль мавжуд, деб хабар беради Motor.
Автомобиллар эгасининг сўзларига кўра, у ўз коллекциясини йиғишни уч йил олдин бошлаган. Кинофраншизадаги биринчи нусха ёрқин яшил рангли Mitsubishi Eclipse бўлиб, у «Форсаж»нинг иккинчи қисмида суратга тушган. Тайёр автомобиль эркакка шу қадар ёқиб қолганидан у ушбу франшизанинг барча қисмларидаги моделларни йиғишни давом эттирган. Шундай қилиб, тез орада унинг дала ҳовлисида «Форсаж 4»даги бош қаҳрамон Пол Уокер бошқарган Nissan Skyline R34 GТ-R Bayside Blue пайдо бўлган.
Кейинроқ автопаркда «Форсаж»нинг биринчи қисмидаги тўқ сариқ рангли Toyota Supra нусхаси пайдо бўлган. Коллекционер спорт купе учун 185 минг доллар тўлаган. Бундан ташқари, эркак «Токио дрифти»даги Mazda RХ-7’ни, Вин Дизель қаҳрамони ҳайдаган Dodge Charger’ни, модификацияга учраган оқ Volkswagen Jetta ва Mitsubishi Lanser Evolution VII’ни сотиб олган. Коллекция эгаси жами 24 та кино-автомобиллар нусхасини йиғишга муваффақ бўлган. Эркак моделларнинг аксариятини Япониядан буюртма қилган, бироқ айрим нусхаларни устахонасида шахсан ўзи ясаган.
Коллексионернинг сўзларига кўра, у эришилган натижада тўхтаб қолиш ниятида эмас. Яқин вақт ичида эркак «Форсаж»нинг иккинчи қисми билан танилган пушти Honda S2000’ни сотиб олиш ниятида. Канадаликнинг режасига кўра, у жами 35 та автомобилни йиғишни режалаштирган.
Аввалроқ «Форсаж»нинг ҳали экран юзини кўрмаган қисмида суратга тушган Ford Mustang Маch 1 сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)