АҚШ қирғоқлари яқинида ичида 4 мингдан ортиқ Hyundai ва Kia автомобиллар бўлган MV Golden Ray юк кемасини арралаш бошланди, деб хабар беради The Drive. Шунингдек, юк кемаси ичида Chevrolet машиналари ва Ram пикаплари ҳам бор. Автовознинг қирқилган қисмлари кейинроқ махсус баржалар ёрдамида қирғоққа олиб чиқилади.
Кадрлардан кўриш мумкинки, юк кемаси ичидаги кўплаб янги автомобиллар ҳам арралаб ташланган. Қутқарувчилар ушбу машиналарни қуруқликка олиб чиқиш жуда қийин бўлади деб ҳисоблаган.
Занжирли арралар Versaber компанияси томонидан қурилган улкан VB 10000 кўтарма кранига ўрнатилган. Иккита баржа ёрдамида ҳаракатга келадиган ушбу машина 2010 йилда тўфон оқибатида зарар кўрган нефть платформаларини утилизация қилиш мақсадида яратилган. Кран 7,5 минг тоннагача юкни кўтара олади. Платформаларнинг ҳар бири тўрттадан двигателга эга.
Юк кемаси жами саккиз бўлакка бўлинади. Ҳар бирининг оғирлиги 2700 дан 4100 тоннагача етади.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореянинг Hyundai Mipo Dockyard компанияси томонидан яратилган MV Golden Ray юк кемаси 2019 йилнинг 8 сентябридан буён Жоржия штатидаги Брансуик порти яқинида ётибди. Кема орқали бир неча минг Hyundai ва Kia автомобиллари Балтиморга ташилаётган бўлган, бироқ номаълум сабабларга кўра, кема портдан чиққанидан 23 дақиқа ўтиб ағдарилиб кетган. Айрим маълумотларга кўра, бу юкнинг нотўғри жойлаштирилиши сабаб юзага келган. Hyundai версияси бўйича эса кемада ёнғин содир бўлган.
Изоҳ (0)