Тошкент шаҳрида 8 дона велосипед ўғирлаган фуқаро 5 йил-у 1 ойга қамалди. Бу ҳақда Олий суднинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Абидов хабар қилди.

Қайд этилишича, муқаддам жавобгарликка тортилган 23 ёшли эркак жорий йилнинг 27 май куни соат 16:30 ларда Миробод тумани, Афросиёб кўчаси ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагига кириб, қаровсиз қолдирилган, қиймати 7 622 808 сўмлик велосипедни ўғирлаб кетган.
Шундан сўнг, ушбу шахс 3 июнь кунига қадар пойтахтнинг турли қисмларида яна 7 та велосипедни ўғирлаган. Олиб қочилган велосипедларнинг жами қиймати 16 миллион сўмдан юқори бўлган.
Фуқаро қўлга олинган бўлиб, суд мажлиси жараёнида у айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Шунингдек, у велосипедларни номаълум шахсларга сотиб, пулини шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини тан олди.
Суднинг ҳукми билан унга 5 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тошкентда ташкилот идорасидан ичида 560 минг АҚШ доллари бўлган сейфни ўмариб кетган 2 нафар шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)